
Эстония ва Россия ўртасидаги чегара ҳудудида навбатдаги кескинлик юзага келди. 17 декабрь куни эрталаб Россия Федерациясининг уч нафар чегара қўриқчиси Эстония сарҳадларини ноқонуний равишда бузиб ўтган. Мазкур воқеа Эстония ички ишлар вазири Игор Таро томонидан расман тасдиқланди.
20 дақиқалик "меҳмонлик": Васкнарвада нима бўлди?
ERR агентлиги хабарига кўра, ҳодиса мамлакат шарқидаги Нарва дарёси бўйида жойлашган Васкнарва портида содир бўлган. Россия чегарачилари қайиқ орқали Эстония қирғоғига етиб келишган ва кемадан тушиб, мамлакат ичкарисида тахминан 20 дақиқа давомида сайр қилишган.
Эстония полицияси ва чегара қўриқлаш кенгаши (ППА) воқеа видеотасвирга олинганини маълум қилди. Видеода россиялик ҳарбийларнинг чегара чизиғини очиқчасига кесиб ўтгани ва кейинроқ яна қайиққа ўтириб, ўз ҳудудларига қайтиб кетгани акс этган.
Игор Таронинг таъкидлашича, қоидабузарлар ўз вақтида қўлга олинмаган. "Биз уларни Россия ҳудудининг ичкарисигача таъқиб қилиш ҳуқуқига эга эмасмиз", — дея изоҳ берди вазир.
Дипломатик кескинлик: Таллин тушунтириш талаб қилмоқда
Россия ҳарбийларининг Эстония ҳудудига киришдан кўзлаган мақсади ҳозирча номаълум. Мазкур воқеа юзасидан 18 декабрь куни икки мамлакат вакиллари иштирокида учрашув ўтказилиши белгиланган. Эстония томони Москвадан бўлиб ўтган ҳодиса бўйича расмий ва асосли тушунтириш кутмоқда.
Бундан ташқари, Эстония Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчихонасининг муваққат ишлар вакилини чақиртириб, унга норозилик нотасини топшириши кутилмоқда.
"Болтиқ мудофаа чизиғи" ва Путиннинг муносабати
Бу ҳодиса Болтиқбўйи давлатлари ўз хавфсизлигини кучайтираётган бир пайтда юз берди. Декабрь ойи ўрталарида Эстония Россия билан чегарадош жануби-шарқий ҳудудларда илк темир-бетон бункерларни ўрнатишни бошлаган эди. Ушбу объектлар "Болтиқбўйи мудофаа чизиғи" лойиҳасининг бир қисми ҳисобланади.
Ўз навбатида, Россия президенти Владимир Путин бир неча бор Москванинг НАТО мамлакатлари билан урушиш нияти йўқлигини, бундан ҳеч қандай геосиёсий ёки иқтисодий манфаат кўрмаслигини айтган. Аммо у шу ой бошида берган баёнотида, агар тўқнашув содир бўлса, Россия бунга тўлиқ тайёр эканини ҳам қўшимча қилган эди.
Ҳозирча чегарадаги бу воқеа тасодифий адашишми ёки атайлаб уюштирилган провокация — буни яқин соатлардаги дипломатик музокаралар кўрсатади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.