
Москвада 19 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин иштирокида йил якунига бағишланган бевосита алоқа ва катта матбуот анжумани бўлиб ўтди. Қарийб 4,5 соат давом этган мулоқот чоғида давлат раҳбари фуқаролар ҳамда журналистларни қизиқтирган энг долзарб иқтисодий ва молиявий масалалар юзасидан батафсил изоҳ берди.
Иқтисодий ўсиш мавзусига тўхталган Путин жорий йилда ЯИМ ўсиши 1 фоизни ташкил этишини билдирди. Бироқ у сўнгги уч йиллик давр кесимида қаралса, умумий ўсиш 9,7 фоизга етганини таъкидлади. Президентнинг сўзларига кўра, иқтисодий суръатнинг секинлашиши тасодифий эмас, балки инфляцияни жиловлашга қаратилган онгли сиёсат натижаси. Давлат олдига инфляцияни камида 6 фоизга тушириш вазифаси қўйилган эди ва барча кўрсаткичлар йил охирига келиб бу даража 5,7–5,8 фоиз атрофида бўлишини кўрсатмоқда. Бу эса макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш учун тўланган нарх сифатида баҳоланмоқда.
Бюджет масаласида эса Россия раҳбари ҳукумат фаолиятини ижобий баҳолади. Унинг таъкидлашича, давлат бюджети мувозанатлаштирилган ва бу мувозанат сифати 2021 йилдаги кўрсаткичлар даражасида сақланган. Путин бу ҳолатни мамлакат иқтисодиёти ва молия тизимининг барқарорлигига хизмат қилувчи муҳим омил сифатида қайд этди.
Анжуманда Россия активларининг хорижда мусодара қилиниши эҳтимоли ҳам кескин танқид остига олинди. Путин бундай ҳаракатларни «ўғирлик» эмас, балки очиқдан-очиқ талон-тарож деб атади. Унинг фикрича, бундай қарорларни қабул қилиш осон эмас, чунки оқибатлари бевосита бу ишга қўл ураётган давлатлар учун ҳам оғир бўлади. Айниқса, активлар билан таъминланган репарация кредити каби ғоялар ҳар бир мамлакат бюджетига қўшимча юк бўлиб тушиши мумкин.
Президент таъкидлаганидек, бундай қадамлар нафақат сиёсий, балки молиявий ишончга ҳам жиддий зарба беради. Евро ҳудудига бўлган ишонч сусайиши эҳтимоли бор, чунки кўплаб давлатлар ўз олтин-валюта захираларини айнан шу маконда сақлайди. Путиннинг сўзларига кўра, замонавий молиявий тизимнинг асосий пойдеворларига зарар етказиш ҳеч ким учун фойдали эмас.
Сўзининг якунида Россия раҳбари мамлакат ўз манфаатларини, биринчи навбатда, халқаро судлар орқали ҳимоя қилишини билдирди. Унинг таъкидлашича, Москва сиёсий таъсирдан холи бўлган адолатли юрисдикцияни топишга ҳаракат қилади ва охир-оқибат қандай йўл билан олинмасин, активлар қайтарилиши керак бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.