
2026 йил 1 январдан бошлаб Нидерландияда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар ўртача 4 фоизга оширилади. Энг катта ўзгаришлардан бири рулда телефон ишлатиш билан боғлиқ бўлиб, энди махсус hands-free қурилмасиз телефон ишлатган ҳайдовчилар 440 евро жарима тўлашига тўғри келади.
Тезликни ҳатто озгина ошириш ҳам ҳайдовчилар учун жиддий молиявий йўқотишларга олиб келади. Хусусан, шаҳарда тезликни 5 км/соатга ошириш 46 евро, автобанда эса 20 км/соатга ошириш 229 евро жарима билан жазоланади. Қизил чироқда ўтиш эса камида 320 евро жаримага сабаб бўлади.
Тўхташ қоидаларини бузиш ҳам арзон эмас. Нотўғри тўхташ учун жарималар 130 евродан бошланади, ногиронлар учун ажратилган жойда ноқонуний тўхташ эса 400 еврога тушади.
Шунингдек, тажовузкор ҳайдаш қатъий жазоланади. Ўнг томондан қувиб ўтиш 320 евро, автомобиллар орасидаги масофани меъёридан қисқа сақлаш эса 380 еврогача жарима билан баҳоланади.
Энг муҳим жиҳат — Нидерландия жарималаридан қочиб қутулиб бўлмайди. Ушбу жарималар чет элда ҳам ундирилади, тўлов кечиктирилган тақдирда эса жарима миқдори қисқа вақт ичида кескин ошиб боради. Расмийлар ҳайдовчиларни қоидаларга қатъий амал қилишга чақирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.