
Кеча, 21 декабрь куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида жойлашган олий таълим муассасаларидан бирида даҳшатли ҳодиса содир бўлди. Университет талабаси профессорлардан бирига пичоқ билан ҳужум қилди.
Маълумотларга кўра, воқеа тўғридан-тўғри университет ҳудудида юз берган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда ҳужум вақтида оддий ошхона пичоғидан фойдаланилгани айтилмоқда. Воқеа жойидан олинган видеолар ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари ҳолат юзасидан дарҳол текширув ишларини бошлаган. Дастлаб гумонланувчи қидирувга берилган бўлса, кейинчалик у қўлга олингани ва ҳозирда ҳибсда сақланаётгани маълум қилинди.
Айни пайтда жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳужум сабаблари, талаба билан профессор ўртасидаги муносабатлар ҳамда воқеанинг бошқа тафсилотлари аниқланяпти.
Расмий манбалар жабрланган профессорнинг аҳволи ҳақида ҳозирча маълумот бермади. Қўшимча тафсилотлар тергов якунларидан сўнг эълон қилиниши айтилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.