
Салвадорда машҳур ва қонли жиноий тўда — Мара Салватруча (МС-13) аъзоларига нисбатан тарихий даражада қаттиқ қамоқ жазолари тайинланди. Энг оғир ҳукм 1 335 йилни ташкил этди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
Бош прокуратура маълумотларига кўра, жиноий гуруҳнинг 248 нафар аъзоси 43 та қотиллик, 42 та бедарак йўқолиш ҳолати ҳамда бошқа оғир жиноятларда айбдор деб топилиб, “намунали жазо” олган. МС-13 аъзоларидан бири 1 335 йилга қамалган бўлса, яна 10 нафар шахс 463 йилдан 958 йилгача озодликдан маҳрум этилган. Суд қарорлари қачон чиқарилгани ва жараёнлар очиқ ўтказилгани ёки йўқлиги аниқ айтилмаган.
2022 йил март ойидан бери Найиб Букеле раҳбарлигида фавқулодда ҳолат режими жорий қилиниб, жиноий тўдаларга қарши кескин кураш бошланган. Бу сиёсат доирасида тўда аъзоларини суд ордерисиз ҳибсга олишга рухсат берилган. Шу пайтга қадар 90 мингдан ортиқ шахс қўлга олинган, улардан тахминан 8 минг нафари айбсиз деб топилиб, озод қилинган.
Расмий маълумотларга кўра, Букеленинг қатъий сиёсати мамлакатда қотилликлар сонини кескин камайтиришга олиб келган. Бироқ халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари хавфсизлик кучлари томонидан қонунбузарликлар ва ҳуқуқларнинг поймол этилиши ҳолатлари кузатилаётганини таъкидламоқда.
Салвадор ҳукумати билдиришича, МС-13 ва Баррио-18 номли иккинчи йирик тўда ўттиз йил давомида 200 мингга яқин инсон ҳалок бўлишига сабаб бўлган. Бир пайтлар бу икки гуруҳ мамлакат ҳудудининг тахминан 80 фоизини назорат қилган ва Салвадор дунёдаги энг юқори қотиллик кўрсаткичларига эга давлатлардан бири ҳисобланган.
Бош прокуратура таъкидлашича, тўда аъзолари тадбиркорлардан “ҳимоя” баҳонасида пул талаб қилиб, рад жавоби берилганда таҳдид ва зўравонликка қўл урган. Айрим бизнес эгалари қўрқув сабаб фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.