
24 декабрь, чоршанба куни Россия қўшинлари Запорижжя шаҳрига қарши ҳаводан йирик ҳужум уюштирди. Зарбалар авиабомбалар ва учувчисиз учиш аппаратлари орқали амалга оширилган. Бу ҳақда шаҳар маъмурияти раҳбари Иван Федоров ўзининг Telegram саҳифасида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида турар жой бинолари жиддий зарар кўрган, тинч аҳоли орасида яраланганлар бор. Расмийлар томонидан эълон қилинган лавҳаларда ёнган автомобиллар, парчаланган ойна-эшиклар ва кўп қаватли уйларнинг вайрон бўлган балконлари акс этган.
Федоровнинг аниқлашича, камида тўрт нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган. Шунингдек, 13 та кўп қаватли турар жой биносига зарар етган. Кейинчалик маълум бўлишича, Запорижжя вилояти ҳудудидаги навбатдаги ҳужум натижасида яна бир киши ҳалок бўлган.
Вилоят полицияси ҳужум тафсилотларига ойдинлик киритар экан, шаҳарга режалаштириш ва коррекция модулига эга бўлган учта фугас авиабомба ташланганини маълум қилди. Бу турдаги қуроллар аниқ нишонларга мўлжаллаб зарба бериш имконияти билан ажралиб туради.
Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълумотларига кўра, 24 декабрга ўтар кечаси Россия армияси бутун Украина бўйлаб жами 116 та дрон учирган. Улардан 60 таси ҳаво мудофааси томонидан йўқ қилинган ёки ўз йўналишидан чиқарилган. Бироқ 48 та учувчисиз аппарат нишонларга етиб бориб, турли ҳудудларда зарар етказган.
Запорижжяга қилинган бу навбатдаги ҳужум уруш шароитида тинч аҳоли учун хавф сақланиб қолаётганини яна бир бор кўрсатди. Маҳаллий ҳокимият ва қутқарув хизматлари вайроналарни бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ишларини давом эттирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.