
Россияда 2026 йил 1 январдан бошлаб хорижий фуқароларнинг рус тили, Россия тарихи ва мамлакат қонунчилиги бўйича билимини текшириш жараёни тўлиқ электрон кўринишга ўтказилади. Бу тартиб патент ёки яшаш гувоҳномаси олишни режалаштирганларнинг барчасига тааллуқли бўлади. Мамлакат Таълим ва фан вазирлиги имтиҳонларни компьютер орқали ўтказишга расман ўтаётганини тасдиқлади. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Ислоҳотдан кўзланган асосий мақсад — баҳолашдаги “инсон омили”ни камайтириш, жараён шаффофлигини кучайтириш ва коррупция хавфини пасайтириш. Эндиликда қоғоз бланклар ҳамда видеойозувсиз ўтказиладиган юзма-юз суҳбатлар амалиётдан чиқарилади.
Янги тартибга кўра, тестлар масофавий технологиялар орқали ўтказилади. Бу назорат органларига 203 та тест пунктининг исталганида имтиҳон жараёнини реал вақт режимида кузатиш имконини беради.
Шу билан бирга, топшириқлар бўйича махфийлик кучайтирилади: аввалги йиллардагидек жавобларни очиқ эълон қилиш амалиёти бекор қилинади. Имтиҳон саволлари базаси ҳар ой янгиланиб борилиши режалаштирилган — бу эса эски “шпаргалка”лар ёки сотиб олинган “калит”ларнинг фойдасини йўққа чиқаради.
Реформа имтиҳон қабул қилиш ҳуқуқига эга ташкилотлар рўйхатини ҳам тартибга солади. Энди бу ваколат фақат давлат муассасаларига берилади, уларнинг фаолияти устидан қатъий назоратни эса Рособрнадзор амалга оширади. Марказлаштириш орқали аввал сертификатни тест топширмасдан расмийлаштиришни ваъда қилган воситачилар ҳамда “кулранг схема”лар йўқ қилиниши кўзда тутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.