
31 декабрга ўтар кечаси ва тонг пайтида Россия ҳарбийлари Одесса шаҳрига навбатдаги дронлар ҳужумини амалга оширди. Маҳаллий расмийлар ҳамда қутқарув хизматлари маълум қилишича, асосий зарбалар энергетика инфратузилмаси объектларига қаратилган. Шу билан бирга, учувчисиз учоқлардан бири тўққиз қаватли турар жой биносига бориб урилган. Оқибатда олти нафар фуқаро, жумладан, уч нафар бола турли даражада тан жароҳати олган.
Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати тунда дрон турар жой биносига келиб урилиши натижасида 2-қаватдан 6-қаватгача бўлган хонадонларда кучли ёнғин чиққанини тасдиқлади. Қутқарувчилар томонидан тезкор чоралар кўрилган бўлса-да, ёнғин бинога жиддий зарар етказган.
Ҳужум пайтида яна бир нечта кўп қаватли уйларнинг фасадлари ва ойналари шикастланган, атрофда тўхтаб турган бир неча автомобиллар эса бутунлай ёниб кетган. Одесса вилояти маъмурияти раҳбари Сергей Лисак ярим тунда жабрланганлар орасида 7 ойлик чақалоқ ҳам борлигини, шунингдек, 8 ва 14 ёшли болалар жароҳат олганини маълум қилди.

Тонг отгач, шифокорлар ва қутқарувчилар аниқлик киритиб, ҳужум пайтида бир оиланинг барча аъзолари — ота, она ва икки фарзанд жабрланганини билдирди. Маҳаллий Telegram-каналлар ёзишича, 42 ёшли ота оғир куйиш жароҳатлари билан реанимацияга ётқизилган. 38 ёшли онада ҳам куйиш излари, ёпиқ бош мия жароҳати ва синишлар қайд этилган. 14 ёшли ўғил ва 8 ёшли қиз эса ўртача оғир аҳволда шифохонада қолмоқда.
Эрталаб соат тўққизлар атрофида Сергей Лисак ҳужум оқибатида Одессанинг айрим ҳудудларида яна электр таъминоти узилганини маълум қилди. Унинг айтишича, муҳим инфратузилма объектларида тиклаш ишлари давом этмоқда, шу сабабли аҳолининг бир қисми вақтинча сув ва иссиқлик таъминотисиз қолган.
Шу куни эрталаб «Нова пошта» компанияси Одессадаги саралаш терминали ҳовлисига дрон парчалари тушганини хабар қилди. Жабрланганлар бўлмади, аммо қиймати тахминан 2,3 миллион гривна (60 минг доллар) бўлган жўнатмалар ортилган юк машинаси ёниб кетди.
Мониторинг Telegram-каналлари денгиз томондан Одесса вилоятига янги дронлар учиб кирганини маълум қилди. Ҳаво тревогаси маҳаллий вақт билан соат тўққизлардагина бекор қилинган бўлса-да, соат ўн бир яримларда яна қайта эълон қилинди — денгиз узра навбатдаги дронлар аниқланган.
Маълум бўлишича, Россия дронлари ўша тун фақатгина Одессага эмас, балки Украинанинг бошқа вилоятларига ҳам ҳужум қилган. Украина ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотига кўра, Россия томонидан кечқурун, тун ва тонг давомида жануб ва шимол йўналишларидан жами 127 та зарбдор дрон учирилган. Улардан 101 таси ҳаводаёқ уриб туширилган.
Ҳарбий-ҳаво кучлари матбуот хизмати қўшимча қилишича, 11 та ҳудудда 20 та зарбдор учувчисиз аппаратнинг ерга етиб келган зарбалари қайд этилган. Ҳужумлар Украина шаҳарлари учун яна бир оғир тунга айланди, тинч аҳоли эса навбатдаги Янги йилни хавф ва беқарорлик шароитида қарши олди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.