date

Путин қароргоҳи атрофида дрон даъволари: АҚШ шубҳада қолди

Путин қароргоҳи атрофида дрон даъволари: АҚШ шубҳада қолди

Россия Мудофаа вазирлиги 1 январ куни Новгород вилоятидаги президент қароргоҳига ҳужум бўлгани ҳақидаги гапларга яна бир “қаттиқ версия” қўшди. Идора айтишича, уриб туширилган Украина дронларидан бири устида ўтказилган “махсус техник экспертиза” давомида дронга юкланган парвоз топшириғи файли (йўналиш маълумотлари) олиб чиқилган. Россия томони шу йўналиш таҳлили дронларнинг якуний мақсади қароргоҳдаги объектлардан бири бўлганини кўрсатганини таъкидлаяпти ва бу маълумотлар АҚШга ҳам юборилишини қўшимча қилди.

Бироқ АҚШ разведкасида бошқача манзара. WSJ ва Reuters'да келтирилган маълумотларга кўра, АҚШ миллий хавфсизлик доираларида Украина Путин ёки унинг қароргоҳларини нишонга олмаган, деган хулоса шаклланган. Хусусан, CIA директори Жон Рэтклифф Доналд Трампни Украина қароргоҳга эмас, бошқа ҳарбий объектга зарба беришга урингани ҳақида хабардор қилгани айтиляпти.

Оқ уй бу мавзуда расман узун изоҳ бермади: саволларни Трампнинг ижтимоий тармоқдаги постларига йўналтиргани қайд этилди. Трамп эса 31 декабрь куни Truth Social'да Украина “ҳужуми бўлмагани” ҳақидаги мақолага ҳавола қолдирган, бироқ разведка хулосасини очиқ тарзда “тасдиқлайман” деб чиқмаган. WSJ бу пост Рэтклифф брифингидан кейин пайдо бўлганини ёзади.

Ҳикоянинг иккинчи қатлами — сиёсий ҳисоб-китоб. Айрим ғарб нашрларида Россия бу даъволарни музокаралар фонида позициясини қаттиқроқ қилиш учун ишлатиши мумкинлиги ҳақида фикрлар айтилган. Шу билан бирга, Москва ҳужум мақсадини исботлайдиган далилларни очиқ майдонга тўлиқ чиқармагани ҳам таъкидланади.

Россия томони аввалроқ 28 декабрдан 29 декабрга ўтар кечаси Новгород вилояти осмонида 91 та дрон ҳақида гапирган, улар турли вилоятлар устида уриб туширилгани, қурбонлар ва вайронагарчилик бўлмаганини билдирган эди. Украина эса бу даъволарни рад этган: Зеленский бундай баёнотларни ёлғон деб атагани ва Россия Киевдаги давлат биноларига навбатдаги зарба учун “фон” тайёрлаши мумкинлигидан огоҳлантиргани келтирилган

Қисқаси, бу ерда майдондаги дронлардан ҳам кўра ахборот фронти қизироқ: Россия “файл топдик” дейди, АҚШ эса “қароргоҳ эмас” деган сигнал бераяпти. Энди асосий интрига — Москва ва Вашингтон ўртасида алмашиладиган “далиллар пакети” воқеани ойдинлаштирадими ёки бу мавзудаги шов-шув яна узоқ давом этадими.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Путин қароргоҳи атрофида дрон даъволари: АҚШ шубҳада қолди