Покистон Трампнинг Ғазо бўйича “Тинчлик кенгаши”га қўшилди

Покистон Ғазо масаласида тинчликка эришиш мақсадида АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп ташаббуси билан ташкил этилган “Тинчлик кенгаши”га қўшилишини эълон қилди. Бу ҳақда Покистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнот билан маълум қилди.
Вазирликка кўра, Покистон ушбу ташаббус доирасида Ғазода доимий ўт очишни тўхтатиш, инсонпарварлик ёрдамини кўпайтириш ҳамда вайрон бўлган ҳудудларни қайта тиклаш бўйича аниқ чоралар кўрилишига умид қилмоқда. Расмийлар тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш асосий устувор вазифа эканини таъкидлади.
Маълумотларга кўра, Покистон армияси бош қўмондони Асим Мунир Жаҳон иқтисодий форуми тадбирлари доирасида Давос шаҳрига ташриф буюрган. Шунингдек, Бош вазир Шаҳбоз Шариф билан бирга Доналд Трамп билан учрашув ўтказилиши эҳтимоли борлиги айтилмоқда.
“Ғазо бўйича Тинчлик кенгаши” ўтган йил охирида глобал можароларни бартараф этиш мақсадида ташкил этилган. АҚШ томонининг билдиришича, ҳозирга қадар 20 дан ортиқ давлат ушбу ташаббусга қўшилиш истагини билдирган, Покистон эса кенгашга Трампнинг таклифи асосида аъзо бўлган.