Болалар ва ўсмирлар саломатлиги бўйича янги стратегия: ЮНИСЕФ ва ЖССТ 2026–2030 йиллар режасини тасдиқлади

ЮНИСЕФ ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 2026–2030 йилларга мўлжалланган болалар ва ўсмирлар саломатлиги ҳамда фаровонлиги бўйича қўшма стратегияни қабул қилди. Дастур Европа ва Марказий Осиё ҳудудини қамраб олади, тиббий хизматлар ҳали ҳам чекланган паст ва ўрта даромадли мамлакатларга алоҳида эътибор қаратилади. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Янги ҳужжат аввалги ёндашувлардан фарқли равишда фақат натижаларни қайд этиш билан чекланмайди: унда болалар соғлиғи ёмонлашишига олиб келаётган омилларни тизимли аниқлаш ва уларни бартараф этиш масаласи устувор йўналиш сифатида белгиланган.
Стратегияда бирламчи тиббиёт бўғинида болалар саломатлиги учун масъул мутахассислар етишмаслиги глобал муаммо экани таъкидланади. Баҳолашларга кўра, 2030 йилга бориб тиббиёт ходимлари танқислиги 18 миллион кишидан ошиши мумкин.
Ҳужжатда агрессив маркетинг болалар саломатлиги, овқатланиши ва хулқ-атворига алоҳида хавф омили сифатида кўрсатилган. Шунингдек, зарарли маҳсулотлар рекламасини тартибга солиш бўйича тавсиялар ҳам келтирилган.
Бундан ташқари, ўғил болалар ва қизларни зарарли контент таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган.
Беш йўналишни ўз ичига олган стратегия доирасида руҳий саломатлик хизматларини кучайтириш, реабилитацияни ривожлантириш, соғлом овқатланишни яхшилаш ва семиришнинг олдини олиш, эмлаш қамровини ҳамда сифатли тиббий ёрдамга киришни кенгайтириш, шунингдек зўравонликнинг олдини олиш чораларини кучайтириш назарда тутилган.
Дастур мактабларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ҳамширалар, психологлар ва маслаҳатчилар ролини кучайтиришни ҳам кўзда тутади. Ўқув дастурларига соғлиқни сақлаш бўйича амалий кўникмалар ва рақамли хавфсизлик мавзуларини киритиш ҳам режа қилинган.
Аввалроқ Ўзбекистондаги Оила ва гендер институти мамлакатда болалар ўлими кўрсаткичлари пасайгани қайд этилганини маълум қилганди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!