АҚШда ушлаб турилган ўзбекистонликлар элчихонадан ёрдам сўради

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси дипломатлари Виржиния штатидаги вақтинча сақлаш марказларида бўлиб, у ерда сақланаётган ўзбекистонликлар билан учрашди. Улар АҚШ ҳудудида ноқонуний қолиб кетгани сабаб депортация бўйича қарорни кутмоқда ва қайтиш жараёнини тезлаштиришда кўмак сўраган.
"Дунё" хабарига кўра, элчихона вакиллари фуқароларнинг сақланиш шароитлари, соғлиғи ҳамда маиший ҳолатини ўрганган, шунингдек консуллик ва ҳуқуқий масалалар бўйича тушунтиришлар берган. Дипломатик миссия зарур ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам кўрсатиб, уларни имкон қадар тезроқ Ўзбекистонга қайтаришга кўмаклашишини билдирган.
АҚШ иммиграция сиёсатидаги сўнгги ўзгаришлар фонида дипломатлар мамлакатда бўлиб турган ўзбекистонликларни миграция қонунчилигига қатъий риоя қилишга ва ноқонуний фаолиятдан тийилишга чақирди.
Зарурат туғилса, Ўзбекистон элчихонасининг Вашингтондаги консуллик бўлими билан +1 (202) 887-5300 телефони ёки consul.washington@mfa.uz электрон почтаси орқали боғланиш мумкин.
Аввалроқ миграция қоидаларини бузгани учун АҚШдан депортация қилинган Ўзбекистоннинг 40 дан ортиқ фуқароси Тошкентга етиб келгани ҳам хабар қилинганди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!