Project Vault АҚШга янги нодир ерлар захирасини яратади

2 февраль куни кечқурун Оқ уйда ўтказилган тадбирда Доналд Трамп “Project Vault” номли янги ташаббус ишга туширилаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бу лойиҳа Америка компаниялари ва ишчилари муҳим ресурслар танқислигидан “зарба” емаслиги учун хавфсизлик ёстиғини яратади.
Гап шундаки, “Project Vault” доирасида 1,67 млрд доллар хусусий капитал АҚШ Экспорт-импорт банки ажратадиган 10 млрд долларлик кредит билан бирлаштирилади. Маблағлар стратегик аҳамиятга эга минералларни харид қилиш ва уларни захира сифатида сақлашга йўналтирилади.
Захира кимлар учун керак?
Биринчи навбатда, бу захира автомобилсозлик ва технология компанияларининг эҳтиёжлари учун мўлжаллангани айтилди. Трамп ташаббусни аввал миллий мудофаа эҳтиёжлари учун тузилган стратегик захира тамойилига ўхшатиб, ғояни жуда самарали ечим сифатида кўрсатди.
Лойиҳанинг амалиёт қисми ҳам аниқ: манбаларга кўра, хомашё хариди ва логистикасида Hartree Partners, Traxys North America ҳамда Mercuria Energy Group каби компаниялар иштирок этади. Асосий мақсад — бизнеснинг Хитой нодир ер элементларига боғлиқлигини кескин камайтириш.
“Минераллар клуби” ҳам кенгаймоқда
АҚШ ички ишлар вазири Дуглас Бергам эса яна бир сигнални берди: шу ҳафта “муҳим минераллар савдо клуби”га қўшилаётган яна 11 та давлат ҳақида эълон қилиниши кутиляпти. Яъни ўйин фақат захира тузишда эмас, иттифоқчилар билан таъминот занжирини ҳам мустаҳкамлашда.
Япония ҳам “чуқурга кириб” кетяпти
Худди шу куни Токио ҳукумати Япония тадқиқот миссияси 6000 метр чуқурликда нодир ер элементлари бўлиши мумкин бўлган чўкинмаларни аниқлаганини маълум қилди. Намуналар декабрь ойида Тинч океанидаги Японияга қарашли Минамитори атоллига борган “Чикю” илмий бурғилаш кемаси орқали йиғилган. Олимлар баҳолашича, атроф сувларида 16 млн тоннадан ортиқ захира бўлиши эҳтимолдан холи эмас — агар тасдиқланса, бу дунёдаги энг йирик конлардан бирига айланиши мумкин.
Халқаро стратегик тадқиқотлар институти эксперти Такахиро Камисуна ҳам шу нуқтани урғулаган: агар Япония Минамитори ҳудудида нодир ерларни барқарор қазиб олишга эришса, муҳим саноат тармоқлари учун ички таъминот занжири кучаяди.
Нега ҳамма шошиляпти?
Бу ҳаракатларнинг фонидa Хитой омили очиқ кўриниб турибди. 6 январ куни Хитой Савдо вазирлиги Японияга ҳарбий мақсадларда қўлланиши мумкин бўлган “иккиламчи товарлар” экспортини чеклагани хабар қилинган, улар қаторида айрим нодир ер элементлари ҳам бор.
Қисқаси, дунё “ресурслар учун хавфсизлик” даврига киряпти: кимда захира бор — ўша эртанги ишлаб чиқаришни ҳам, нархларни ҳам яхши назорат қилади. Шунинг учун “Project Vault” ҳам, Япониянинг океан тубигача тушган изланишлари ҳам бир нарсани айтаяпти: технологиялар асрида энг қиммат нарса — фақат гаджет эмас, уни ясайдиган элементнинг ўзи.
Нодир ер элементлари деганда 17 та кимёвий элемент гуруҳи тушунилади — улар радиоэлектроника, асбобсозлик ва юқори технологияли қурилмаларда қўлланади. Захиралар бўйича етакчилар сифатида Хитой (44 млн тонна), Вьетнам (22 млн тонна), Бразилия (21 млн тонна) ва Россия (10 млн тонна) тилга олинади. Энг қимматлардан бири скандий бўлиб, у космик саноат, мудофаа соҳаси ва қаттиқ оксидли ёнилғи элементларида ишлатилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!