17 ёшли қизни зўрлаб ўлдирган "бишкеклик маньяк" вафот этди

Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги 1-сонли тергов ҳибсхонасида “бишкеклик маньяк” номи билан танилган 41 ёшли Қумарбек Абдиров ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Жазони ижро этиш давлат хизмати маълумотларига кўра, Абдировнинг жасади 7 феврал куни соат 12:30 атрофида камерадан топилган. Дастлабки маълумотларга кўра, у ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкин. Терговга қадар текширув ишлари бошланган.
Абдиров 2025 йил сентябрда 17 ёшли Ойсулув Мукашевани зўрлаб ўлдирганликда айбланиб ҳибсга олинган эди. Тергов давомида у бир неча аёлни зўрлаб ўлдирганини тан олган. Жиноятлари асосан шаҳар четида ва тоғли ҳудудларда содир этилган.
Маълумотларга кўра, Абдиров 2016 йилда қотилликка уриниш жинояти учун 12 йилга қамалган, кейин жазо муддати 7 йилга қисқартирилган ва 2018 йилда муддатидан олдин озод қилинган.
Ойсулув Мукашеванинг ўлдирилишидан сўнг Қирғизистон президенти Садир Жапаров оғир жиноятлар учун ўлим жазосини тиклашни таклиф қилган, лекин Конституциявий суд 2025 йил декабрда бу чора Конституция ва халқаро мажбуриятларга зид эканини маълум қилган.
Шунингдек, иш доирасида Абдировнинг муддатидан олдин озод этилишида иштирок этган Бишкек шаҳар судининг уч собиқ судяси ва бир прокурор ҳам ҳибсга олинган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!