Севишганлар кунида пулдан гулдаста ясаш тақиқланди

Кенияда севги изҳори деб пулдан гулдаста ясаш “романтика” эмас, қонунбузарликка айланиши мумкин. 14 февраль — Валентин куни арафасида мамлакат Марказий банки жамоатчиликни огоҳлантириб, банкноталардан гулдаста ва безак сифатида фойдаланиш ҳолатлари кўпайганини билдирди.
Расмийларга кўра, сўнгги вақтларда Кения шиллинги купюралари елимланиб, штапелланиб, ҳатто игна билан қадаб қўйилаётгани кузатилмоқда. Бир қарашда “чиройли совға”дек туюлган бу иш амалда пулнинг бутлигини бузади: банкноталар шикастланади, муомалага яроқсиз ҳолга келади ва айрим ҳолларда қайта ишлаш жараёнида рад этилиши ҳам кўпайиб кетади. Натижада эса банкноталарни муддатидан олдин муомаладан олиб ташлаш ва алмаштиришга тўғри келади.
Марказий банк таъкидлашича, нақд пулни совға қилишнинг ўзига қарши эмас. Лекин бундай совға пулни ўзгартирмайдиган, бузмайдиган ва шикастламайдиган шаклда бўлиши шарт. Яъни “севги” деб пулни елимлаб-тишлаб ташлаш — яхши ғоя эмас.
Кения Жиноят кодексининг 367-моддасига кўра, валюта банкнотларининг бутлигини бузиш, шикастлаш ёки яроқсиз ҳолга келтириш тақиқланган. Қонунга биноан, айбдор деб топилган шахс 3 ойгача қамоқ, 2000 шиллинг (тахминан 15,50 АҚШ доллари) жарима ёки иккаласи билан бирга жазоланиши мумкин.
Қизиғи, бу масалада Кения ёлғиз эмас. 2023 йил март ойида Гана банки ҳам одамларни нақд пулдан сават ва гулдасталар тайёрлашдан тийилишга чақирган эди.
Хулоса оддий: романтика қилиш мумкин, лекин пулни “декор” қилиб йиртиш эмас. Севги бор жойда ақл ҳам бўлсин — чўнтак ҳам, қонун ҳам раҳмат айтади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!