Россияда террорчилик режасида гумон қилинган ўзбекистонликка суд ҳукми ўқилди

Россияда террорчилик фаолиятига алоқадорликда айбланган Ўзбекистон фуқароси Ўткиров Жавоҳир Давроновичга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. У Россия Федерацияси Жиноят кодексининг бир нечта моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилди.
Суд ҳужжатларига кўра, у 2023 йил январь ойида Россияда тақиқланган “Ислом давлати” террорчилик ташкилоти манфаатлари йўлида ҳаракат қилишга тайёрлигини билдирган видеомурожаат ёзиб олган. Кейинчалик ташкилот кўрсатмалари асосида эҳтимолий ҳужум учун жой танлаш, разведка қилиш ва портловчи қурилма тайёрлашга доир вазифаларни зиммасига олгани айтилади.
Маълумотларга кўра, у 2023 йил сентябрь ойида Россияга бориб, Ставропол шаҳридаги айрим объектлар бўйича фото ва видео материаллар тайёрлаб, уларни ташкилот вакилларига юборган. Декабрь ойида эса портловчи мослама учун бутловчи қисмлар харид қилгани қайд этилган.
Айбланувчи 2023 йил 18 декабрь куни қўлга олинган. Суд қарорига кўра, у 20 йилга озодликдан маҳрум этилди: жазонинг дастлабки 5 йили турмада, қолган қисми эса қатъий тартибли колонияда ўталади. Шунингдек, 1 миллион рубль жарима ҳам белгиланган. Ҳукм ҳозирча қонуний кучга кирмаган ва апелляция тартибида шикоят қилиниши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!