АҚШда олмахон кемирган симлар уйни кулга айлантирди

АҚШнинг Флорида штатидаги Панама сити шаҳрида яшовчи бир оила учун оддий тун ҳақиқий фожиага айланди. WMBB хабар беришича, хонадон эгалари олмахон сабабли уй-жойидан айрилиб қолган.
Уй соҳиби Донни Банта айтишича, тун ярмида чордоқ томондан ғалати шовқин кела бошлаган. Орадан кўп ўтмай, ҳавода нохуш ҳид сезилгани ҳаммани сергак торттирган. Донни вазият жиддийлигини дарҳол англаб, хотини Стейси Дэвисни ва фарзандларини уйғотган.
Оила вақтни йўқотмасдан, болаларни тезда ташқарига олиб чиққан. Энг таъсирлиси — улар уй ҳайвонларини ҳам унутмаган: ити ва мушугини ҳам хавфсиз жойга чиқариб улгуришган.
Ўт ўчирувчилар жуда тез етиб келганига қарамасдан, ёнғин шиддати кучли бўлган — уй деярли бутунлай ёниб кетган. Кейинчалик воқеанинг сабаби ҳам аниқ бўлган: ёнғинга олмахон айбдор.
Ўт ўчирувчиларнинг тушунтиришича, жонивор чордоқдаги электр симларини кемириб ташлаган. Шунинг ортидан қисқа туташув юз бериб, олов тезда тарқалган.
Қисқаси, кичик бир жониворнинг “оддий” ҳаракати бир оилани катта йўқотишга олиб келди. Энг муҳими — одамлар ва уй ҳайвонлари омон қолган, лекин уйнинг ўзи ортга қайтмайдиган тарзда зарар кўрган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!