Швеция ўз пулидан воз кечмоқда: еврога ўтишни муҳокама қила бошлади

Швецияда миллий валюта — кронадан воз кечиб, еврога ўтиш мавзуси яна кун тартибига чиқди. Масала парламентда ҳам жиддий тус олмоқда: Либераллар партияси ташаббуси билан еврога бағишланган махсус муҳокама ҳам белгилангани қайд этилган.
Бу ғояни олға сураётган депутат Сесилия Ренннинг фикрича, дунёдаги йирик давлатлар ўртасида рақобат кучайгани сари “кичик” иқтисодиётлар учун хавфлар ҳам ортаяпти. Шу фонда еврога ўтиш Швецияга Европа ҳамкорлари билан сиёсий-иқтисодий боғлиқликни мустаҳкамлаш, шу жумладан валюта масалалари бўйича умумий қарорлар муҳитида таъсирини ошириш имконини бериши мумкин.
Депутатнинг мантиғи шундай: Швеция НАТОга аъзо бўлди ва европалик шериклар билан мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиряпти, аммо валюта масаласида “алоқа узилиб қолгани” мамлакатни умумий тизимдан бир қадам четда ушлаб туриши мумкин. Шунингдек, евродан фойдаланиш савдо ҳажмларини кенгайтириш ва инвестицияларни жалб этишга туртки бўлиши мумкинлиги ҳам таъкидланмоқда.
Яна бир муҳим сабаб — кронанинг барқарорлиги атрофидаги хавотирлар. Хабарларда охирги ўн йилда миллий валюта қийматининг сезиларли қисмини йўқотгани, глобал иқтисодий тўлқинланишлар ва Болтиқбўйи минтақасидаги беқарорлик курсга босимни ошириши мумкинлиги айтилган.
Швецияда еврога ўтиш мавзуси илк бор кўтарилаётгани йўқ. 2003 йилда ўтказилган референдумда сайловчилар ягона Европа валютасига қарши овоз берган — ўшанда “йўқ” натижаси устун чиққан эди.
Эндиги интрига — кайфият ўзгарганми? Геосиёсат, хавфсизлик, сармоя ва савдо масалалари битта пакетга айланган даврда Швецияда “евро”га қараш ҳам қайта баҳоланиши мумкин. Қисқаси, бу ҳали қарор дегани эмас, лекин муҳокама бошлангани — келажакда катта ўзгаришлар учун сигнал.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!