АҚШ ва Исроил Хоминаий жойини махсус разведка орқали аниқладими?

Эрон олий раҳбари — Оятуллоҳ Али Хоминаийга қилинган ҳужум одатдагидек тун ярмида эмас, балки эрталаб содир этилди. BBC таҳлилига кўра, бунга сабаб АҚШ ва Исроил ҳужумдан бир неча соат олдин қўлга киритган муҳим разведка маълумотлари бўлган.
Манбада айтилишича, бир неча ой давомида АҚШ ва Исроил юқори мартабали эронлик амалдорлар бир жойга тўпланиши мумкин бўлган пайтни кузатиб турган. Разведка маълумотлари Хоминаий шанба куни эрталаб Теҳрон марказидаги бинолар мажмуасида бўлишини кўрсатган. Шу билан бирга, бошқа юқори лавозимли ҳарбий ва разведка раҳбарларининг ҳам айни вақтда шу ерда учрашув ўтказаётгани маълум бўлган.
BBC ёзишича, бир неча ой давомида АҚШ ва Исроил олий раҳбарнинг ҳаракатларини кузатиб борган. Қўлланилган аниқ усуллар махфий сақланмоқда, бироқ Дональд Трамп ижтимоий тармоқдаги баёнотида бунга ишора қилган:
«У бизнинг разведкамиз ва замонавий кузатув технологияларидан қочиб қутула олмади».
BBC таҳлилига кўра, Хоминаийнинг жойлашуви ҳақидаги маълумот жойдаги агент орқали етказилган бўлиши мумкин. Бироқ эҳтимолийроқ версия шуки, замонавий технологиялар ва бошқа эронлик юқори лавозимли шахсларнинг ҳаракатини кузатиш орқали унинг аниқ жойи белгиланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!