Исроил элчиси Эрон–АҚШ тўқнашуви сабабларини очиқ баён қилди

Гидеон Ластиг — Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси — мамлакатининг нега АҚШ билан бирга Эронга қарши ҳаракат қилаётганига ойдинлик киритди.
Элчининг таъкидлашича, сўнгги бир йил давомида Эрон ўз ядровий салоҳиятини жадал ошириш, шунингдек, баллистик ракеталар ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш устида узлуксиз иш олиб борган. Шу билан бирга, мазкур ҳарбий имкониятлар махсус ер ости иншоотларига кўчирилмоқда. Бу объектлар зарба бериш қийин бўлган, юқори даражада ҳимояланган ва деярли дахлсиз ҳудудлар ҳисобланади.
Гидеон Ластигнинг айтишича, охирги 48 соат ичида Эрон ўзининг ракета салоҳиятидан фақат Исроилга қарши эмас, балки минтақа мамлакатларига нисбатан ҳам фойдаланган. Хусусан, Форс кўрфазида жойлашган араб давлатлари ҳам нишонга олинган.
«Сўнгги икки кун ичида Эрон камида етти давлатга зарба берди. Бу эса ушбу ракета имкониятларининг реал таҳдид эканини очиқ кўрсатиб турибди», — деди элчи.
Шунингдек, у вазиятга Ҳизбуллоҳ ҳам қўшилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ливанда фаолият юритувчи ушбу гуруҳ Исроилга қарши ҳужум уюштиришга қарор қилган.
«Афсуски, Ливандаги Ҳизбуллоҳ ўзини Ливан халқининг ҳимоячиси сифатида кўрсатса-да, аслида у Эрондаги оятуллоҳлар режими қўлидаги восита, яъни сиёсий ва ҳарбий қурол вазифасини бажармоқда», — деди Исроил элчиси.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!