Исроил Байрутда махсус операция ўтказди

Исроил ҳарбийлари Ливан пойтахти Байрут шаҳрининг марказий қисмида жойлашган «Рамада» меҳмонхонасига ҳаводан зарба берди. Реутерс агентлигининг Ливан соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб хабар беришича, ушбу ҳужум оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган ва ўн нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган. Бу воқеа ўтган ҳафтадан буён давом этаётган ҳарбий тўқнашувлар фонида Байрут марказига қилинган илк ҳужум сифатида қайд этилди.
Исроил мудофаа армияси мазкур зарба «Қудс» кучларининг юқори мартабали қўмондонларини нишонга олганини маълум қилди. Расмий Тел-Авив баёнотига кўра, ушбу шахслар Исроилга қарши ҳужумларни режалаштириш билан шуғулланган. Ҳарбийлар тинч аҳоли орасида талафотларни камайтириш учун барча зарур чоралар кўрилганини таъкидлашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ўтган ҳафтада Исроил ҳудудига ракета ва дронлар орқали ҳужум уюштириб, минтақадаги вазиятни кескинлаштириб юборганди. Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ушбу гуруҳ ҳаракати Исроил ва АҚШнинг Эрон бўйлаб берган зарбаларига жавоб тариқасида баҳоланмоқда. Жавоб тариқасида Исроил Ливан жануби ва шарқида, шунингдек, пойтахт атрофидаги ҳудудларда кенг кўламли ҳарбий амалиётларни бошлади. Расмий маълумотларга кўра, ҳозиргача давом этаётган тўқнашувлар оқибатида 300 га яқин инсон ҳаётдан кўз юмган, юз минглаб тинч аҳоли вакиллари эса ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!