date

Болаларни интернетдаги хавфлардан ҳимоя қилиш чоралари кўрилмоқда

Болаларни интернетдаги хавфлардан ҳимоя қилиш чоралари кўрилмоқда

Бугунги кунда дунё миқёсида вояга етмаганларни ижтимоий тармоқларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш масаласи кун тартибидаги энг долзарб мавзуга айланди. Кўплаб давлатлар ёшлар учун интернет платформаларидан фойдаланишни чеклаш ёки бутунлай тақиқлаш бўйича қатъий қонунчилик механизмларини ишлаб чиқмоқда. Ҳозирги кунда фойдаланувчининг шунчаки “мен 18 ёшдаман” деган ёзувига ишониш даври ўтиб кетди. Ҳукуматлар технологик компаниялардан рўйхатдан ўтиш жараёнида ёшни тасдиқлашнинг ишончли ва аниқ техник усулларини жорий этишни талаб қилмоқда.

Хусусан, Индонезия ҳукумати жорий йил март ойида 16 ёшга тўлмаганлар учун YouTube, TikTok, Facebook, Instagram, Threads, X, Bigo Live вa Roblox каби платформаларга киришни чеклаш режасини эълон қилди. Бу ташаббус жамиятда қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Бир гуруҳ мутахассислар болаларни виртуал оламнинг зарарли таъсиридан асраш зарурлигини таъкидласа, бошқалар бу каби чекловларни амалда қандай назорат қилиш ва ижросини таъминлаш борасида жиддий шубҳаларини билдирмоқда.

Буюк Британия эса муаммони бошқача ёндашув билан ҳал этишга уринмоқда. Ҳукумат ижтимоий тармоқ компанияларини фойдаланувчиларда қарамликни келтириб чиқарувчи функцияларни, хусусан, чексиз лентани (реелс) олиб ташлаш ёки кескин чеклашга мажбур қилмоқчи. Гап фақат платформага киришни тақиқлашда эмас, балки алгоритмларнинг инсон диққатини ўзига қандай боғлаб қолаётганида ҳамдир.

Бироқ бу ислоҳотларнинг иккинчи томони ҳам мавжуд. Экспертлар ёшни мажбурий текшириш тизимлари жорий этилганда шахсий маълумотлар махфийлиги ва хавфсизлиги қандай таъминланиши борасида хавотирда. Чунки ёшни аниқлаш жараёни фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини тўплаш ва сақлашни талаб қилади. Натижада, “болани ҳимоя қиламиз” деган эзгу мақсад ортидан киберхавфсизлик билан боғлиқ янги муаммолар келиб чиқиши мумкин. Хулоса шуки, дунёда болалар учун ижтимоий тармоқлар эркинлиги қисқариб, назорат кучаймоқда, аммо бу чоралар қанчалик самарали бўлиши вақт ўтиши билан маълум бўлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Болаларни интернетдаги хавфлардан ҳимоя қилиш чоралари кўрилмоқда