Бир ҳафталик урушдан хулосалар

Теҳрон 3 кунда қуламади. Тезкор ҳарбий мақсадга эришиш содир бўлмади. Эроннинг 40 йиллик раҳбари ўлимидан кейин ҳам Эрон қуламади, оёқда туриб бир ўзи курашмоқда. АҚШнинг узоқ муддатли уруш режаси йўқлиги маълум бўлмоқда. Уларнинг энг катта мақсади Хоманаийни ўлдириш бўлган, холос. У ўлгач раҳбарият ўзгариши, тузум қулашини тахмин қилишган. Лекин Эрондаги бошқарув тизими уларни тахмин қилганидек марказлашган диктатура кўринишида бўлиб чиқмади. Эрон бу Венесуэла эмаслигини, Сурия эмаслигини унутишди. Эрон бутунлай бошқача давлат эканлигини тушуниб етишмади. Одамлар Трампнинг чорловига қарамай кўчага чиқиб ҳокимиятни қўлга олмади.
Эрон урушнинг илк кунларидаёқ АҚШ ва Исроил ҳужумига жавобан араб давлатларини ўққа тутишни бошлади. Сабаби оддий: араб давлатларида АҚШнинг ҳарбий базалари бор. Эроннинг асосий нишони Дубай бўлди. Араб оламининг сайёҳлар учун энг машҳур шаҳри Дубай эди. Эроннинг ҳужумларидан сўнг Дубай шарпалар шаҳрига айланиб қолди. Одамлар Дубайдан қочишди. Бир неча кун ичида Эрон дунёдаги энг кўп сайёҳлар серқатнов бўлган Дубайни дунёдаги энг хавфли шаҳарлардан бирига айлантирди. Энди Форс кўрфази аввалгидек бўлмайди. Уруш кўп нарсани ўзгартириб юборди.
Россия ва Украина урушининг 5-йилига келиб дунёдаги энг қудратли давлат Украинадан Эрон дронларига қарши курашиш учун ёрдам сўради. Россия 5 йил давомида шунақа кўп шахид дронларини учирдики, Украина уларни тутиш бўйича мутахассисга айланиб кетди. Бугун Украина мактабларида дрон учуриш алоҳида фан сифатида ўргатилмоқда. Украина ҳарбийлари Эрон дронларини бошқа арзон дронлар ёрдамида уриб туширишни ўрганиб олишди. Шу сабаб АҚШ Яқин Шарқдаги ҳамкорларини ҳимоя қилиш учун Украинадан дронлар бўйича ёрдам сўрашди. Арабларда қурол кўп, пул ҳам кўп. Лекин пастлаб учадиган камикадзе дронларини қиммат ракеталар билан уриб бўлмайди. Қимматбаҳо қуролларга зўр берган америкаликлар арзон-гаров урушга тайёр эмаслиги маьлум бўлди. Шунинг учун улар Украинадан ёрдам сўрашди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!