date

Ким Чен Ин қизи билан танкда кўриниш берди

Ким Чен Ин қизи билан танкда кўриниш берди

КХДР раҳбари Ким Чен Ин яна бир бор жамоатчилик эътиборини ўзига қаратди. У қизи Ким Жу Э билан биргаликда ҳарбий машғулотлар давомида танкда кўриниш берди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, давлат раҳбари Корея халқ армиясининг пойтахт мудофаасига масъул корпуси ўқув базасига ташриф буюриб, пиёда ва танк бўлинмаларининг қўшма ҳужумга қаратилган тактик машқларини шахсан кузатган. Эълон қилинган суратларда у замонавий танк устида тургани, унинг ёнида эса қизи ҳам иштирок этгани акс этган.

Машғулотларда махсус вазифаларга ихтисослашган бўлинмалар, зирҳли техника қўшинлари ҳамда танк роталари фаол қатнашган. Бу эса машқларнинг юқори даражада ва комплекс тарзда ўтказилганини кўрсатади.

Ким Чен Ин ўз чиқишида янги авлод танки кўп йиллик илмий-техник изланишлар натижаси эканини таъкидлади. Унинг айтишича, мазкур техника замонавий ўт очишни бошқариш тизимлари, шунингдек радиоэлектрон кураш воситалари билан жиҳозланган. Бу эса унинг жанг майдонидаги самарадорлигини сезиларли даражада оширади.

Шунингдек, у ушбу танк армиянинг жанговар салоҳиятини мустаҳкамлашини, айниқса тунги операцияларда катта устунлик беришини қайд этди. Раҳбар сўзларига кўра, аввал зирҳли қўшинлар учун муаммо бўлиб келган тунги чекловлар энди деярли бартараф этилган.

Кузатувчилар фикрича, бу каби оммавий чиқишлар нафақат ҳарбий кучни намойиш қилиш, балки ички сиёсий сигнал сифатида ҳам хизмат қилиши мумкин. Айниқса, Ким Жу Э нинг мунтазам равишда расмий тадбирларда кўриниш бериши унинг келажакдаги эҳтимолий ворис сифатида тайёрланаётгани ҳақидаги тахминларни янада кучайтирмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Ким Чен Ин қизи билан танкда кўриниш берди