date

Исроил зарбаси: Эрон адмирали ҳалок бўлди, бўғозда кескинлик кучайди

Исроил зарбаси: Эрон адмирали ҳалок бўлди, бўғозда кескинлик кучайди

Яқин Шарқдаги кескин вазият янада таранглашди. Исроил томонидан амалга оширилган ҳарбий зарба натижасида Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони, адмирал Алиризо Тангрисий ҳалок бўлди. Бу ҳақда Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац расман маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, Тангрисий Ҳўрмуз бўғозини миналаштириш ва халқаро кемалар ҳаракатини чеклашга қаратилган операциялар учун бевосита масъул шахс бўлган. Шу сабабли бу амалиёт стратегик мақсадли зарба сифатида баҳоланмоқда.

Исроил ҳарбий манбаларига кўра, юқори лавозимли қўмондон Бандар-Аббос шаҳрида ўтказилаётган махфий йиғилиш пайтида нишонга олинган. Аниқ ва режалаштирилган зарба орқали у ва бир қатор юқори мартабали ҳарбийлар йўқ қилингани айтилмоқда.

Исраэл Кац ушбу операцияни Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига йўлланган кескин сигнал сифатида баҳолаб, «Исроил мудофаа армияси ҳар қандай таҳдидни бартараф этади ва душманларни изчил равишда йўқ қилади», дея кескин баёнот берди.

Маълумки, 28 февралдан бошлаб АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари ортидан вазият янада чигаллашди. Ҳўрмуз бўғози стратегик йўналиш сифатида ёпилиб, у орқали ҳаракатланмоқчи бўлган кемаларга ҳужумлар бошланган. Можаро бошланганидан буён камида 22 та кема зарбага учрагани қайд этилмоқда.

Ҳозирда Форс кўрфазида 3200 га яқин кема бўғоздан ўтишга журъат қила олмай тўпланиб қолган. Бу эса жаҳон логистикаси ва энергия таъминотига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Доналд Трамп маъмурияти Эрондан бўғозни очишни талаб қилган ҳолда ультиматум илгари сурмоқда. Шу билан бирга, Теҳрон расмийлари 25 март куни «душман ҳисобланмаган давлатлар» кемалари учун йўл очиқлигини маълум қилди.

Мутахассислар таъкидлашича, Ҳўрмуз бўғози глобал энергетика хавфсизлигида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Чунки дунёдаги нефть захираларининг қарийб 35 фоизи ва суюлтирилган газнинг 20 фоизи айнан шу йўл орқали ташилади.

Ҳозирги вазият нафақат минтақавий, балки глобал иқтисодий барқарорликка ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Агар кескинлик янада кучайса, бу бутун жаҳон бозорларида янги инқироз тўлқинини келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Исроил зарбаси: Эрон адмирали ҳалок бўлди, бўғозда кескинлик кучайди