Дунёда озиқ-овқат танқислиги хавфи тобора ошмоқда

Мамлакатлар озиқ-овқат танқислиги пайтига яқинлашмоқда. Хусусан, дунёдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг 50 фоизи сунъий ўғитларга боғлиқ. Бу ҳақда таҳлилчи Лукас Экуаме огоҳлантирди.
Шимолий ярим шарда экин экиш мавсуми бошланмоқда, аммо ўғитлардан фойдаланиш имконияти энг юқори даражада чекланган.
Ҳормуз бўғозидаги муаммолар туфайли ўғит етказиб беришнинг қарийб 30 фоизи, суюлтирилган табиий газ (СТГ) етказиб беришнинг эса 20 фоизи тўхтаб қолган. Хитой ҳам экспортга чекловлар қўйди, бу эса бозорнинг яна 30 фоизида хавф пайдо қилмоқда. Аксарият сунъий ўғитлар табиий газдан тайёрланиши сабабли, унинг етишмовчилиги ўғит танқислигига олиб келади.
“Financial Times” нашри ҳам дунё энг катта озиқ-овқат танқисликларидан бирига дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Бунга Яқин Шарқдаги зиддият сабаб бўлиб, у ўғит етказиб беришни хавф остига қўйди ва энергия ресурслари нархининг тез кўтарилишига сабаб бўлди. Бу вазиятда ривожланаётган давлатлар энг заиф ҳолатда қолади. Шунингдек, Ҳиндистон, Бангладеш ва АҚШнинг қишлоқ хўжалиги ҳудудлари ҳам хавф остида: у ерда фермерлар аллақачон газ, ёқилғи ва ўғит етишмовчилигига дуч келмоқда.
Бу узилишларга Қатар ва Жазоирдаги ўғит ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг тўхтаб қолиши сабаб бўлган. Ҳормуз бўғозининг тўсиб қўйилиши вазиятни янада оғирлаштирди, чунки энергия нархларининг ошиши маҳсулотларни ташиш, қайта ишлаш ва сақлаш харажатларини кўпайтирди.
Экспертларнинг фикрига кўра, Яқин Шарқдаги давомли уруш дунёда озиқ-овқат нархларини кескин кўтариши мумкин. Энг катта зарар маккажўхори етиштирувчиларга тегади, чунки бу экин азотли ўғитларга энг кўп эҳтиёж сезади. Ўз навбатида, омухта ёмнинг асоси бўлган маккажўхори нархининг ошиши чорвачилик ва паррандачиликда маҳсулот таннархининг қимматлашишига олиб келади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!