Перуда 63 сантиметрли тор уй қурилди

Перунинг шимолида жойлашган Уарал провинцияси, Аукаляма туманида кенглиги атиги 63 сантиметр бўлган, аммо тўлиқ имкониятларга эга дунёдаги энг тор уй барпо этилди. Бу ҳақда “Oddity Central” нашри маълум қилди.
Таъкидланишича, мазкур турар жой маҳаллий фуқаро Фабио Морено томонидан лойиҳалаштирилиб, қуриб битказилган. Ташқи томондан у кўпроқ кўча арт-инсталляциясини эслатса-да, уй ичида замонавий яшаш учун барча керакли қулайликлар жамланган: ювиниш хонаси, ошхона, овқатланиш жойи, йўлак, ётоқхона, ишлаш хонаси, кир ювиш бўлими ҳамда икки қаватни боғлаб турувчи иккита зина мавжуд.
Ушбу ноодатий уй Аукаляманинг марказий майдони қаршисида жойлашган бўлиб, истаган инсон уни бориб томоша қилиши мумкин. Бироқ ҳудуд жуда тор экани сабабли бир вақтнинг ўзида икки ёки ундан кўп кишининг ичига кириб кўриши деярли имконсиз.
Моренонинг таъкидлашича, бундай иншоотни барпо этишдан асосий мақсад – бахт уйнинг катталигига эмас, балки мавжуд майдондан қанчалик оқилона ва самарали фойдаланишга боғлиқ эканини намойиш қилишдир. Уйнинг ғайриоддий шакли ва жозибали ранглари аллақачон минглаб сайёҳларни ўзига жалб этмоқда. Кутилмоқдаки, у яқин вақт ичида машҳур туристик манзилга айланади.
Морено аллақачон Гиннес рекордлар китобига “дунёдаги энг тор уй” сифатида киритиш учун ариза тақдим этган. Бироқ ушбу рекордни расман тасдиқлаш жараёни маълум вақт талаб қилиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!