АҚШда 11 нафар олим сирли тарзда ғойиб бўлди ёки ҳалок бўлди
Қўшма Штатларда юқори малакали 11 нафар мутахассиснинг шубҳали ўлими ва изсиз ғойиб бўлиши билан боғлиқ ҳолатлар кенг жамоатчилик эътиборида турибди. Бу ҳақда “Известия” нашри маълумот тарқатди.
Конгресс суриштирув бошлади
АҚШ конгрессменлари Жеймс Комер ва Эрик Бурлисон мамлакат Энергетика вазирлиги, Пентагон, ФҚБ ҳамда НАСА ташкилотларига расмий талабномалар юборишди. Қонун чиқарувчилар ўта махфий илмий изланишлар билан банд бўлган ходимларнинг тақдири ва уларнинг ўлими тафсилотларини очиқлашни сўрашмоқда.
Шунингдек, давлат сирлари билан ишлайдиган шахслар учун махсус йўриқномалар ўтказиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чораларини кучайтириш талаби қўйилган. Конгресс аъзоси Тим Бурчеттнинг фикрича, юқори лавозимли мулозимлар ва илм-фан намояндаларининг вафоти оддий тасодиф бўлмаслиги мумкин. У, шунингдек, давлат идоралари ихтиёридаги номаълум учар жисмлар (НУЖ) ҳақидаги маълумотлар жамоатчиликни қаттиқ ҳайратга солишини ҳам айтиб ўтган.
Оқ уй ва Трампнинг муносабати
АҚШ раҳбари Дональд Трамп мазкур воқеаларнинг асл сабабларини шахсан назорат қилиб, ўрганишга ваъда берган. Оқ уй матбуот котиби Каролин Левитт 17 апрелдаги чиқишида маъмурият барча далилларни текшириш учун ФҚБ билан ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади. Президент бу фожиалар шунчаки тасодифий боғлиқлик бўлишига умид билдирган бўлса-да, вазиятнинг ўта жиддий эканини тан олди. Бундан ташқари, яқин орада НУЖларга оид айрим махфий ҳужжатлар сири ошкор қилиниши кутилмоқда.
Қурбонлар ва бедарак кетганлар рўйхати
2022 йилдан буён ядро физикаси ва коинот тадқиқотлари соҳасида фаолият юритган камида 11 нафар мутахассис қурбон бўлган ёки дом-дараксиз йўқолган. Улар орасидаги энг шов-шувли исм — АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари генерали Уилям Маккасленддир. Ўта махфий маълумотлар ташувчиси бўлган бу шахснинг 2026 йилнинг февралидан бери қаерда экани номаълум бўлиб қолмоқда.
Шунингдек, рўйхатда қуйидаги исмлар бор:
- Моника Ҳасинто Реза — НАСА ходими;
- Стивен Гарсия — соҳа пудратчиси;
- Карла Гриллмаер — астрофизик;
Нуну Лурейру — Массачусетс технология институти физиги (ўз хонадонида отиб ўлдирилган);
- Фрэнк Майвалд — НАСА лабораторияси ходими.
Алоҳида диққат марказида турган ҳолатлардан бири — антигравитация бўйича тадқиқотлар олиб борган 34 ёшли Эми Эскридгенинг ўлимидир. Гарчи унинг вафоти ўз жонига қасд қилиш деб белгиланган бўлса-да, воқеа тафсилотлари Оқ уйда жиддий шубҳаларни келтириб чиқарган. ФҚБнинг собиқ вакили Кристофер Свекернинг фикрича, бу ҳодисалар замирида “душман давлатларнинг махсус операцияси” туриши эҳтимолдан йироқ эмас.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!