Италияда уйлар 1 евродан сотувга чиқарилди

Италиянинг Виченца провинциясидаги ўнта муниципалитет тоғли қишлоқларни қайта тиклаш ва аҳолининг кўчиб кетишини тўхтатиш мақсадида ташландиқ уйларни рамзий 1 евродан сотувга чиқарди. Мазкур лойиҳага хорижликлар томонидан катта қизиқиш билдирилмоқда ва ҳозиргача 78 та расмий харид таклифи келиб тушган. Дастлабки босқичда 24 та бино сотув бозорига чиқарилган бўлиб, маҳаллий расмийлар бу ташаббусни ҳудуд келажаги учун муҳим инвестиция деб баҳоламоқда. Харидорларнинг якуний рўйхати жорий йилнинг май ойи бошида эълон қилиниши режалаштирилган.
Европанинг энг гўзал гўшаларидан бири бўлган Италиянинг Виченца провинцияси шимолидаги ўнта маъмурий бирлик (муниципалитет) ўзаро келишиб, ўзига хос лойиҳага қўл урди. Тоғли қишлоқларга аввалги ҳаёт нафасини қайтариш ва маҳаллий аҳолининг бошқа ерларга кўчиб кетишига чек қўйиш мақсадида, бу ердаги яроқсиз ҳолга келиб қолган кўчмас мулк иншоотлари рамзий 1 евро қийматида савдога қўйилди. Бу ҳақда “leggo.it” нашри маълум қилди.
Хорижликларнинг қизиқиши юқори
Пасубио Пикколе Доломити тоғли жамоалари бирлашмаси “Pnrr Green Communities” махсус дастури асосида ҳудудни қайта тиклаш режасини амалга оширмоқда. Аризаларни қабул қилиш муддати жорий йилнинг 16 апрелида ниҳоясига етган бўлса-да, келиб тушган талабномалар сони лойиҳага бўлган қизиқиш нақадар юқори эканини кўрсатмоқда.
Маълумотларга кўра, иттифоқ идораларига жами 78 та расмий харид таклифи юборилган. Диққатга сазовор жиҳати, уларнинг тўққизтаси тўғридан-тўғри чет элдан, бештаси эса Италия ҳудудида истиқомат қилувчи хориж фуқароларидан келиб тушган. Дастлабки босқичда фойдаланилмаётган деб топилган 385 та мулк объектидан 24 та бино амалда сотув бозорига олиб чиқилди.
“Бу пул эмас, ҳаёт учун тикилган сармоя”
Иттифоқ раҳбари ҳамда Монте-ди-Мало шаҳри мэри Мозе Скварцон ушбу ташаббусни шунчаки олди-сотди эмас, балки келажакка тикилган инвестиция деб ҳисоблайди.
Эски ва таъмирталаб уйларни сотиб олиб, уларга сармоя киритиш истагини билдирган харидорларнинг якуний рўйхати жорий йилнинг май ойи бошида оммага эълон қилинади.






























Изоҳлар 0
…