9 кишини ўлдирган ўқувчининг онаси ҳам панжара ортига кузатилди

Туркиянинг Қаҳрамонмараш вилоятида юз берган мудҳиш қонли воқеа янги тафсилотлар билан давом этмоқда. Мактабга қуролли ҳужум уюштириб, 9 нафар бегуноҳ инсоннинг ҳаётига зомин бўлган 16 ёшли Исо Арас Мерсинлининг онаси Пинар Пейман Мерсинли расман ҳибсга олинди. Қаҳрамонмараш Бош прокуратурасининг маълум қилишича, аёл фарзандининг руҳий ҳолатидаги жиддий муаммоларга бепарволик қилгани ва шифокорларнинг қатъий кўрсатмаларини инкор қилгани учун фожиага билвосита сабабчи сифатида кўрилмоқда.
Шифокорлар огоҳлантирган, она эса жим турган
Айсер Чалик номли ўрта мактабда содир этилган бу даҳшатли ҳужум натижасида бир нафар устоз ва яна 8 киши ҳалок бўлган, 21 нафар фуқаро турли даражадаги жароҳатлар олган эди. Прокуратура баёнотига кўра, онанинг ҳибсга олинишига унинг ўз фарзандига нисбатан бепарволиги асосий сабаб бўлган.
Аниқланишича, воқеа содир бўлишидан анча аввал давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларининг мутахассислари ўсмирни кўрикдан ўтказиб, унга аниқ ташхис қўйишган. Икки нафар психолог Исо Араснинг тезкорлик билан болалар психиатрия бўлимида муолажа олиши зарурлигини таъкидлаган бўлса-да, ўқитувчи бўлиб фаолият юритувчи Пинар Пейман Мерсинли бу тавсияларни инобатга олмаган.
Суд қарори: Эҳтиётсизлик — жиноятга йўл
Қаҳрамонмараш Бош прокуратураси гумонланувчининг ҳаракатларидаги бепарволик ва келиб чиққан оқибатларнинг ўта оғирлигини инобатга олиб, уни ҳибсга олиш ҳақида илтимоснома киритди. Навбатчи суд Пинар Пейман Мерсинлини “эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабаб бўлиш” айби билан қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди.
Айни дамда ушбу қонли ҳодиса юзасидан кенг қамровли тергов ва суриштирув ишлари давом этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!