Трампга қилинган ҳужум Эрон билан боғлиқми?

Дональд Трамп ўзига нисбатан содир этилган ҳужумнинг Эрон билан боғлиқлиги ҳақидаги тахминларни рад этиб, воқеа унинг сиёсий қарашларига таъсир қилмаслигини таъкидлади. Ҳужумни амалга оширишда гумонланаётган 31 ёшли Коул Томас Аллен қўлга олинган бўлиб, дастлабки маълумотларга кўра, у якка тартибда ҳаракат қилган. Отишма оқибатида Махфий хизмат ходими жароҳатланган, бироқ унинг ҳаётини бронжилет сақлаб қолган.
Дональд Трамп Оқ уй мухбирлари ассоциациясининг кечки тадбирида содир бўлган отишма воқеаси Эрон билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни шубҳа остига олди. Бу ҳақда Трамп Вашингтонда юз берган ушбу ҳодисадан кейин Оқ уйда ўтказилган брифинг давомида маълум қилди.
У матбуот анжумани чоғида “бу воқеа билан Эрон атрофидаги вазият ўртасида боғлиқлик мавжуд эмас деб ҳисоблайман” дея қайд этди. Шу билан бирга, Президент ушбу ҳодиса унинг сиёсий қарашларига таъсир ўтказмаслигини таъкидлаб, “бу мени тўхтатмайди ва Эронга нисбатан ғалабага эришиш йўлимга тўсқинлик қилмайди” дея фикр билдирди.
Трампнинг баҳолашича, ҳужумни амалга оширган шахс катта эҳтимол билан якка тарзда ҳаракат қилган.
АҚШ оммавий ахборот воситалари эса терговга яқин манбаларга асосланиб, гумонланувчи 31 ёшли Коул Томас Аллен эканини хабар қилмоқда. У Калифорния штатида истиқомат қилган бўлиб, айни вақтда қўлга олинган ва сўроқ қилинмоқда. Унга нисбатан расмий айбловлар эълон қилиниши кутилмоқда.
Ҳужумни содир этган шахс қўлга олинган, воқеа пайтида АҚШ Махфий хизмати ходимларидан бири жароҳат олган. Президентнинг сўзларига кўра, унинг ҳаётини бронжилет асраб қолган.






























Изоҳлар 0
…