Россияда ўзбекистонликлар учун чорвачилик ерлари ажратилиши мумкин

Россиянинг Иркутск вилоятида ўзбекистонлик сармоядорлар учун йирик шохли қорамол етиштириш мақсадида қишлоқ хўжалиги ерлари ажратилиши муҳокама қилинмоқда. Андижон вилояти билан имзоланган ҳамкорлик келишуви доирасида, шунингдек, ҳудудда Савдо уйи ва йирик логистика марказини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ҳам Россия, ҳам Ўзбекистон бозорларига етказиб бериш режалаштирилган. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Беларусдан ҳам чорвачилик лойиҳаларини амалга ошириш учун 4 минг гектар ерни ижарага олган эди.
Россиянинг Иркутск вилояти ҳудудида йирик шохли қорамол парваришлаш мақсадида ўзбекистонлик сармоядорлар учун қишлоқ хўжалиги ер майдонлари ажратилиши эҳтимоли бор. Бу ҳақда Спутник хабар тарқатди.
Маълумотларга кўра, мазкур янгилик Россиянинг Иркутск вилояти иқтисодий тараққиёт ва саноат вазири Виктор Сишковский иштирок этган Ўзбекистон ва Иркутск вилояти ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликка бағишланган брифинг давомида маълум қилинган.
Иркутск вилояти ҳудудида йирик шохли қорамол етиштириш учун қишлоқ хўжалиги ерларини ажратиш ташаббуси муҳокама қилинмоқда. Режага мувофиқ, ушбу ҳудудда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кейинчалик ҳам Иркутск вилояти ва Россия бозорига, ҳам Ўзбекистонга етказиб берилиши мумкин. Сишковскийнинг таъкидлашича, ўзбекистонлик сармоядорлар ушбу лойиҳаларда иштирок этишга тайёр.
Виктор Сишковскийнинг билдиришича, Андижон вилояти билан имзоланган келишув доирасида махсус “йўл харитаси” тасдиқланган. Ҳужжатда аниқ вазифалар ва уларни амалга ошириш муддатлари белгилаб қўйилган. Устувор йўналишлар сифатида Иркутск вилоятида республика Савдо уйини ташкил этиш, шунингдек, йирик мева-сабзавот логистика марказини барпо этиш режалаштирилган.
Иркутск вилояти Ўзбекистонга асосан ёғоч маҳсулотлари, алюминий, IT ечимлар ва бошқа турдаги товарларни экспорт қилади, Ўзбекистондан эса мева-сабзавот, техника, идишлар ҳамда қадоқлаш материаллари импорт қилинади.
Шунингдек, апрель ойининг ўрталарида Ўзбекистон томони Беларусдан 4 минг гектар экин майдонини узоқ муддатли ижарага олиб, унинг негизида қорамолчилик лойиҳасини амалга ошириш режаси ҳақида ҳам хабар берилган эди. Қашқадарё вилояти делегациясининг Беларусга ташрифи доирасида ана шундай иқтисодий келишувга эришилган.





























Изоҳлар 0
…