Мисрда илон чақиши оқибатида сайёҳ ҳаётдан кўз юмди

Мисрда илон чақиши натижасида германиялик сайёҳ ҳаётдан кўз юмди. У Ҳургадаги меҳмонхонада илонни сеҳрлаш намойишида иштирок этган ва илонлардан бири уни чақган. Жабрланувчи шифохонага олиб кетилган бўлса-да, табибларнинг ҳаракатлари натижа бермади. Германия полицияси ва прокуратураси ҳолатни тергов қилмоқда.
Мисрга оила аъзолари билан ташриф буюрган сайёҳ илон чақиши оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда The Guardian хабар тарқатди.
Маълумотларга кўра, германиялик сайёҳ апрель ойида Ҳургада шаҳрига борган. У меҳмонхонада ташкил этилган илонни сеҳрлаш намойишида иштирок этган. Германия полицияси ушбу шоуда эҳтимол икки дона кобра қўлланганини маълум қилган. Улар томошабинларнинг елкаси ва бўйнига қўйилган.
57 ёшли жабрланувчида заҳар таъсири аломатлари кузатилган, у шифохонага олиб кетилишидан олдин реанимация чоралари кўрилган. Табибларнинг барча ҳаракатларига қарамай, эркакнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.
Унинг шахси ошкор этилмаган, аммо у Унтераллгой ҳудудидан бўлиб, икки яқини билан таътилда бўлган. Германия полицияси ҳамда прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан тергов ишларини олиб бормоқда, токсикологик таҳлил натижалари кутилмоқда. Миср расмийлари эса ушбу воқеадан бехабар эканини маълум қилган.






























Изоҳлар 0
…