Британиялик эркак 28 йилда 29 давлатни пиёда кезиб чиқди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- 57 ёшли британиялик Карл Бушби 28 йил давомида транспорт воситаларидан фойдаланмасдан, 50 минг километрдан ортиқ масофани босиб ўтиб, 29 давлатни кезиб чиқди.
- Унинг саёҳати Чили жанубидан бошланиб, Беринг бўғозини пиёда кесиб ўтган биринчи инсон бўлиши ва Каспий денгизи бўйлаб 296 километр сузиши каби қийинчиликларни ўз ичига олган.
Буюк британиялик 57 ёшли сайёҳ Карл Бушби 28 йил давомида дунё бўйлаб пиёда ва сузиб саёҳат қилиб, 50 минг километрдан ортиқ масофани босиб ўтди. У 1998 йил ноябрь ойида Чили жанубидан бошлаган сафарининг асосий қисмини якунлаб, ниҳоят Англияга етиб келди.
Бушби саёҳати давомида жами 29 та давлатда бўлди. Унинг ғайриоддий сафардаги асосий шарти транспортдан фойдаланмасдан, барча масофани ўз кучи билан босиб ўтиш эди.

Сайёҳ йўл давомида бир қанча хавфли ва мураккаб ҳудудларни кесиб ўтди. Жумладан, Колумбияда қуролли тўқнашувлар давом этаётган даврда Дариен дарасидан пиёда ўтди. Шунингдек, у Беринг бўғозини шарқдан ғарбга қараб пиёда кесиб ўтган биринчи инсон бўлди. Бундан ташқари, Каспий денгизи бўйлаб 296 километр сузиб ўтди.

Бушбининг саёҳатидаги сўнгги йирик синовлардан бири Ла-Манш бўғозини сузиб ўтиш бўлди. У 5 октябрь куни Франция қирғоғидан Англиянинг Дувр шаҳрига етиб келди. Сузиш уч кун давомида амалга оширилиб, жами 20 соатга яқин вақт олди. Соҳилда уни отаси, ака-укалари ва дўстлари кутиб олди. Сайёҳ ҳақида ҳужжатли фильм суратга олаётган немис режиссёри Вернер Герцог ҳам уни қарши олганлар орасида бўлди.
Собиқ десантчи сафар олдидан ўзига икки шарт қўйган: йўлда транспортдан фойдаланмаслик ва белгиланган манзилга ўз кучи билан етиб бормасдан ортга қайтмаслик. У барча буюмларини «Йиртқич ҳайвон» деб номлаган махсус аравачада олиб юрди.
Дастлаб Бушби саёҳатни 12 йилда тугатишни режалаштирган эди. Бироқ виза муаммолари, 2008 йилги жаҳон молиявий инқирози ва коронавирус пандемияси сабабли сафар анча чўзилди. Россия расмийлари Беринг бўғозини кесиб ўтганидан кейин унга узоқ вақт виза бермагани ҳам саёҳатга тўсқинлик қилган.
Шунга қарамай, Бушби мақсадига етишишда давом этди. Ҳозирча унинг сафари тўлиқ якунланмаган: сайёҳ Англия шимолида жойлашган туғилиб ўсган Ҳалл шаҳригача яна тахминан 400 километр йўлни пиёда босиб ўтиши керак.






























Изоҳлар 0
…