Европада иссиқ ҳаво туфайли қўшимча ўлим ҳолатлари ортиб бормоқда

Европада сўнгги йилларда кузатилаётган кучли иссиқлик тўлқинлари инсонлар ўлими сонининг ортишига сабаб бўлмоқда.
The Lancet журналида эълон қилинган тадқиқотга кўра, кўплаб ҳудудларда бу кўрсаткич 1990 йилларга нисбатан анча юқори даражага етган.
Тадқиқот натижаларига кўра, Европа ҳудудларининг 99,6 фоизида 2015–2024 йиллардаги иссиқлик даврларида ўлимлар сони 1991–2000 йиллар билан таққослаганда ошган.
Ўртача ҳисобда ҳар бир миллион аҳолига йилига 52 та қўшимча ўлим ҳолати қайд этилган.
Айрим давлатларда, жумладан Испания, Италия, Греция ва Болгариянинг айрим ҳудудларида бу кўрсаткич миллион аҳолига 120 тадан ошган.
Мутахассислар таъкидлашича, иссиқлик ҳақида огоҳлантиришлар сони ҳам сезиларли даражада кўпайган.
Жумладан, 1990 йилларга нисбатан бу кўрсаткич ўртача 318 фоизга ошган бўлса, Германияда 450 фоизгача ўсиш қайд этилган.
Олимлар ушбу ўзгаришларни глобал иқлим ўзгариши билан боғлаб, унинг инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатаётганини таъкидламоқда.
Шу билан бирга, баҳорнинг эртароқ келиши аллергия мавсумларини илгарилаштиради ва аҳоли саломатлигига қўшимча босим юкламоқда.
Тадқиқотларда Европа ҳудудларида тропик касалликлар тарқалиш хавфи ҳам ортиб бораётгани қайд этилган.
Хусусан, чивин орқали юқадиган инфекциялар, жумладан денге вируси тарқалиш эҳтимоли тахминан 300 фоизга ошгани айтилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!