Ҳиндистонда эркак опасининг жасадини қазиб олиб, унинг ҳисобидан пул йечиш мақсадида банкка олиб борган

Ҳиндистонда эркак опасининг жасадини қазиб олиб, унинг ҳисоб рақамидан 211 доллар ечиб олиш мақсадида банкка олиб борган. Бу ҳақда New York Post хабар берди.
Воқеа акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. 50 ёшли Житу Мунда опасининг вафот этганини исботлаш орқали унинг ҳисобидаги маблағдан фойдаланмоқчи бўлган. Бироқ у банкка ўлимни тасдиқловчи зарур ҳужжатларни тақдим эта олмаган.
Маълум қилинишича, у январь ойида 56 ёшида вафот этган опаси Калра Мунданинг ҳисобидан тахминан 20 минг рупий (211 доллар) ечиб олишга ҳаракат қилган. Мунда рўмолга ўралган жасад қолдиқларини Одиша штатининг Кеонжҳар туманида жойлашган Odisha Grameen Bank филиалига олиб келган.
Расмийлар маълумотига кўра, эркак опасининг ҳисобидаги пулни олиш учун ўзини қонуний ворис сифатида расмийлаштириш тартибини тўлиқ тушунмаган.
Ҳодисадан кейин расмийлар Мундага маблағни қонуний тартибда олиш жараёнини якунлашда ёрдам берган. Опасининг жасади эса полиция назорати остида қайта дафн қилинган.
Odisha Grameen Bank раиси воқеани “жуда ачинарли ҳолат” дея баҳолаб, ходимлардан тартиб-қоидаларга қатъий амал қилишни талаб қилди.
Банк вакилларининг таъкидлашича, ходимлар Мундага маблағни олиш учун ўлим ҳақидаги гувоҳнома ва мерос ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилишини тушунтирган. Бироқ у бу талабларга рози бўлмаган ва кейинчалик опасининг жасади билан банкка яна келган. Бу ҳолат банк ходимлари ҳамда мижозлар орасида саросима келтириб чиқарган, шундан сўнг маҳаллий полицияга хабар берилган.
Мундага ушбу воқеа бўйича ҳеч қандай айблов қўйилмагани маълум қилинмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!