АҚШ Яқин Шарққа миллиардлаб қурол савдосини тасдиқлади

АҚШ ҳукумати Яқин Шарқ давлатларига мўлжалланган йирик ҳарбий техника ва қурол-яроғ савдосини расман маъқуллади. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио фавқулодда тартибда амалга оширилаётган ушбу келишувни тасдиқлаган. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Маълумотларга кўра, умумий қиймати 25,8 миллиард долларга тенг бўлган ҳарбий пакет дастлаб режалаштирилган 8,6 миллиард долларлик ҳажмдан қарийб уч баравар кўпдир. Бу эса битим кўлами сезиларли даражада кенгайтирилганини англатади.
Йирик ҳарбий таъминот Баҳрайн, Исроил, Қувайт, Қатар ва БАА давлатларига йўналтирилади.
Ушбу мамлакатлар сўнгги йилларда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида АҚШ билан ҳарбий ҳамкорликни фаол равишда кенгайтириб келмоқда.
Таъкидланишича, қурол-яроғ пакетлари замонавий мудофаа воситаларини ўз ичига олади. Бу биринчи навбатда баллистик ракеталар ва дронлардан ҳимоя қилиш учун ишлатиладиган юзлаб Patriot PAC-3 MSE ва GEM-T зенит-тўхтатувчи ракеталарига тааллуқлидир.
Мутахассислар АҚШнинг ҳарбий ишлаб чиқариш қувватлари ҳозирда юқори юклама остида эканини қайд этмоқда. Шу сабабли буюртмаларни тўлиқ етказиб бериш бир неча йилга чўзилиши эҳтимоли бор. Айниқса, глобал миқёсдаги геосиёсий кескинлик ва бошқа давлатлардан келаётган буюртмалар ҳам бу жараёнга таъсир кўрсатмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, ушбу йирик ҳарбий битим Яқин Шарқдаги кучлар мувозанатига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Бир томондан, бу давлатларнинг мудофаа салоҳиятини оширса, бошқа томондан минтақадаги қуролланиш пойгасини янада кучайтириши эҳтимоли ҳам мавжуд.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!