Трамп Хитой сафаридан кутилган натижасиз қайтди

АҚШ президенти Доналд Трампнинг Хитойга қилган уч кунлик давлат ташрифи кутилган даражада самарали бўлмади. Пекинда ўтказилган музокаралар ва учрашувларга қарамай, на савдо масаласида, на Эрон билан боғлиқ мураккаб геосиёсий мавзуларда сезиларли ютуқларга эришилди.
““Reuters” агентлиги хабарига кўра, Трамп ташриф давомида асосан қисқа муддатли иқтисодий фойдаларга урғу берди. Хусусан, Boeing самолётларини Хитойга сотиш бўйича келишувлар тилга олинган. Бироқ бундай битимлар инвесторлар ва экспертлар томонидан катта стратегик ютуқ сифатида баҳоланмади. Чунки улар узоқ муддатли савдо мувозанатини ҳал этишга хизмат қилмайди.
Хитой раҳбари Си Цзиньпин эса музокараларда мутлақо бошқача ёндашувни илгари сурди. У икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни узоқ муддатли истиқболда барқарор сақлаш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, у янги ибора — “конструктив стратегик барқарорлик” тушунчасини қўллади. Бу атама аввал Жо Байден томонидан ишлатилган ва Пекин томонидан совуқ қабул қилинган “стратегик рақобат” иборасидан кескин фарқ қилади.
Таҳлилчиларга кўра, айнан мана шу ёндашувлар тафовути томонлар ўртасида жиддий келишувларга эришишга тўсқинлик қилган. Вашингтон тезкор иқтисодий фойдани кўзлаган бўлса, Пекин узоқ муддатли барқарорликни устувор деб билди.
Эслатиб ўтамиз, Трамп 13 май куни Хитойга расмий ташриф билан борган эди. Бу унинг сўнгги тўққиз йил ичидаги илк сафари бўлди. Ташриф давомида у Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказди, давлат банкетида қатнашди ҳамда учрашувларни юқори баҳолади. Ҳатто у матбуотга чиқиб, “фантастик савдо келишувлари” тузилганини ҳам таъкидлаган.
Шунга қарамай, мустақил кузатувчилар бу баёнотларга эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. Уларнинг фикрича, реал натижалар ҳали кўзга ташланмаяпти ва эришилган келишувлар асосан декларатив характерга эга.
Қизиқарли жиҳати шундаки, ташриф якунида Трамп Си Цзиньпинни АҚШга таклиф қилиб, уни “ўз ҳудудида енгиш” ниятини билдирган. Хитой етакчиси эса бу таклифни қабул қилган. Энди эса экспертлар ушбу учрашув ҳақиқатан ҳам муҳим бурилиш нуқтасига айланадими ёки яна рамзий даражада қолиб кетадими — шуни кузатмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!