Хорватия Исроил элчиси номзодини тасдиқлашдан бош тортди

Хорватия президенти Зоран Миланович Исроилнинг Загребдаги янги элчиси номзодини тасдиқлашдан бош тортди. Маълум қилинишича, бундай қарор амалдаги Исроил ҳукумати олиб бораётган сиёсат, хусусан, Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлар фонида қабул қилинган.
Хорватия президенти маъмурияти баёнотида Исроил томони таклиф қилган элчи номзоди Миланович розилигини олмагани ва бундан кейин ҳам олмаслиги аниқ таъкидланди.
“Исроил Давлатининг таклиф этилган элчиси республика президенти Зоран Милановичнинг розилигини олмади ва олмайди”, — дейилади баёнотда.
Миланович аввал ҳам Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий операцияларини бир неча бор танқид қилган. Айтилишича, у шу вақтгача дипломатик амалиёт талабларини инобатга олиб, ушбу масала юзасидан оммавий равишда кескин изоҳ беришдан тийилиб келган.
Бироқ Хорватия президенти фикрича, Исроил томони Загребга янги элчи номзодини Хорватиянинг расмий розилигини олмасдан эълон қилган. У буни дипломатик муносабатлардаги “ёзилмаган қоида” бузилиши сифатида баҳолаган.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги эса Загребдаги янги элчи мақоми билан боғлиқ масалани ҳал қилиш учун хорватиялик ҳамкорлар билан иш олиб борилаётганини маълум қилган.
Хорватия ва Исроил ўртасидаги дипломатик муносабатлар Яқин Шарқдаги кескин вазият, айниқса Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар фонида таранглигича қолмоқда. Бу ҳолат икки давлат ўртасидаги расмий мулоқотга ҳам таъсир кўрсатаётгани кўринмоқда.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Зоран Миланович хорват ҳарбийлари халқаро гуманитар ҳуқуқнинг “қабул қилиб бўлмайдиган ҳаракатлар ва мисли кўрилмаган бузилиши” сабабли Исроил армияси билан ҳамкорлик қилмаслигини айтган эди.
Қисқаси, Хорватия президенти Исроил элчиси номзодини тасдиқламаслик орқали ўз сиёсий позициясини очиқ намоён қилди. Бу қарор дипломатик протоколдан ташқари, Ғазодаги вазиятга нисбатан муносабат сифатида ҳам қабул қилинмоқда. Яъни Загребдан сигнал аниқ: расмий розиликсиз дипломатик қадам ташлаш осон ҳазм қилинмайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!