Сурияда асосий террорчи Акмал Жўрабоев ўлдирилди

  • 03 май 2017, 20:43
  • 5 100
  • Дунё
  • Сурияда асосий террорчи Акмал Жўрабоев ўлдирилди
    Сурияда жанг қилаётган ўзбек жангарилари “Котиб Имом ал-Бухорий” (“Имом ал-Бухорий батальони”) гуруҳи бошлиғи Акмал Жўрабоев ҳалок бўлганини тасдиқлашди. У, шунингдек, экстремистик жамоалар орасида Хожи Юсуф ва Шайх Салоҳиддин исмлари билан ҳам машҳур бўлган. Бу ҳақда Qalampir.uz сайти хабар берди.

    Унинг ўрнини Абу Юсуф номи билан танилган тожикистонлик бошқа жангари эгаллади.

    Келиб чиқиши наманганлик бўлган Акмал Жўрабоев “Имом ал-Бухорий батальони” гуруҳи асосчиларидан бири бўлган.

    Гуруҳ вакилларидан бирининг сўзларига кўра, 43 ёшли Акмал Идлиб шаҳридаги масжидда 27 апрель куни отиб ўлдирилган. Воқеа жойида гуруҳ раҳбаридан ташқари, яна уч нафар жангари ҳалок бўлган, иккитаси эса жароҳатланган.

    Қотилликни амалга оширган одамни ушлашга улгуришмаган, у яширинган. Шу куннинг ўзида гуруҳ ушбу эркакни қидирувга берган ва унинг қаердалигини айтган одам 1 миллион Сурия фунти (4700 долларга яқин) пул мукофоти билан тақдирланишини эълон қилишган.

    28 апрель куни эса Шайх Салоҳиддиннинг қотили ушлангани ҳақида маълум қилинган.

    Кейинроқ “Ислом давлати” гуруҳи бу қотиллик уларнинг қаноти ҳисобланган “Хуросон” жангарилари томонидан амалга оширилгани ҳақида хабар тарқатган.

    » » Сурияда асосий террорчи Акмал Жўрабоев ўлдирилди