Интернетда ҳақиқий инсон мумиялари хавфли тарзда сотилмоқда

Интернет дўконлари ва ауксион сайтларида ҳақиқий инсон мумиялари сотилаётгани, айрим ҳолларда эса улар оддий почта орқали юборилгани аниқланди. Буюк Британия, Литва, Италия ва Австралия университетлари мутахассислари 2015–2025 йилларга оид 122 та инсон қолдиқлари ва 6 та ҳайвон қолдиқлари акс этган эълонни таҳлил қилди. Айрим мумияларда замбуруғли инфексия белгилари аниқланган, 22 та ҳолатда эса одамлар уларга қўлқоп ва ниқобсиз тегинган.
Интернет дўконлари ва аукцион сайтларида ҳақиқий инсон мумиялари сотилаётгани аниқланди. Айрим ҳолатларда улар оддий почта орқали юборилган. Мутахассислар эса бундай савдо биологик ва кимёвий хавф туғдириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Бу ҳақда Naked Science хабар берди.
Буюк Британия, Литва, Италия ва Австралия университетларининг соғлиқни сақлаш, биология, анатомия ҳамда кимё соҳалари мутахассислари ижтимоий тармоқлар, интернет дўконлар ва аукцион сайтларидаги эълонларни ўрганди. Улар 2015–2025 йилларга тегишли 122 та инсон қолдиқлари ва 6 та ҳайвон қолдиқлари акс этган эълонни таҳлил қилди.
Айрим сотувга қўйилган мумияларда замбуруғли инфекция белгилари бўлган. Бироқ сотувчилар харидорларни хавфсизлик қоидалари ҳақида огоҳлантирмаган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мумиялашга хос қуритиш жараёни барча биологик жараёнлар тўлиқ тўхтаганини англатмайди. Сақланиб қолган микроорганизмлар нотўғри шароитда ташиш ёки сақлаш вақтида қайта фаоллашиши мумкин. Замбуруғ споралари эса ҳавога тарқалиб, мумия билан ишлаётган одамларга хавф туғдириши эҳтимоли бор.
Мумияларга ҳимоя воситаларисиз тегинишган

Тадқиқотчилар 22 та ҳолатда инсонлар мумия қолдиқларига қўлқоп ва ниқобсиз тегинганини аниқлади. Бундай ҳимоя воситалари нафақат микроорганизмлардан, балки балзамлашда ишлатилган кимёвий моддалардан сақланиш учун ҳам зарур.
Тарихнинг турли даврларида жасадларни сақлаш учун мишяк (маргимуш), симоб ва қўрғошин каби заҳарли моддалардан фойдаланилган бўлиши мумкин. Шунингдек, битум, кедр мойи, натрон ва ўсимлик смолалари каби моддалар ҳам қўлланган. Айрим бирикмалар тери ва нафас йўлларига таъсир қилиши мумкин.
Олимлар ушбу тадқиқот натижаларини мумия қолдиқларининг бутун дунёдаги бозорига тўлиқ татбиқ этиб бўлмаслигини таъкидламоқда. Аммо изланишлар инсон мумияларининг интернетда сотилиши ва ташилиши муайян хавфларни келтириб чиқариши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Аввалроқ 1991 йилда Ўтзтал Альп тоғларида аниқланган 5 300 йиллик мумиядан замонавий ва қадимий бактериялар топилган эди.






























Изоҳлар 0
…