Техасда ёлғиз аёллар учун ноодатий қишлоқ барпо этилди

Техасда Робин Ериан барпо қилган «Қуш уяси» қишлоғидаги уйлар фақат ёлғиз аёлларга ижарага берилади. Қишлоқда 52 ёш ва ундан катта бўлган 12 нафар аёл истиқомат қилади, ижара нархи ойига 450 доллардан бошланади. Ериан лойиҳага пенсия жамғармасидан маблағ сарфлаб, 5 акр ерни 35 минг долларга сотиб олган ва инфратузилма ҳамда ободонлаштиришга яна 150 минг доллар йўналтирган.
Техасда Робин Йериан исмли пенсионер аёл «Қуш уяси» деб номланган ўзига хос қишлоқ барпо қилди. Бу ердаги уй-жойлар фақат ёлғиз аёлларга ижарага берилади. Бу ҳақда The Sun хабар берди.
Қишлоқ ҳудудида бир нечта кичик уйлар жойлашган бўлиб, аёлларга тинч, хавфсиз ва нисбатан арзон шароитда яшаш имконияти яратилган. Уйларнинг ижара нархи ойига 450 доллардан бошланади.
Лойиҳа асосчиси аҳолини нафақат молиявий мустақиллик ва эркинлик билан, балки бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган аҳил жамоа билан ҳам таъминлашни мақсад қилган.
Йериан ушбу лойиҳани амалга ошириш учун ўзининг пенсия жамғармасидан маблағ сарфлаган. У 5 акр ерни 35 минг долларга сотиб олган, кейин эса канализация, электр ва сув таъминоти, йўл каби инфратузилмаларни барпо этиш ҳамда ҳудудни ободонлаштириш учун яна 150 минг доллар маблағ йўналтирган.
Ҳозирда қишлоқда 52 ёш ва ундан катта бўлган 12 нафар аёл истиқомат қилмоқда. Уларнинг аксарияти турмуш қурмаган, ажрашган ёки бева аёллардан иборат.
Йерианнинг айтишича, ушбу жойда яшашга қизиқиш кутилганидан анча юқори бўлган. Хусусан, ўтган ёзда қишлоқдаги битта бўш ўрин учун тахминан 500 нафар номзод ариза берган. Шу сабабли янги истиқоматчиларни танлаш жараёнига жиддий ёндашила бошланган.
Эндиликда қишлоққа кўчиб келишни истаган ҳар бир номзод аввало унинг асосчиси ва бошқа истиқоматчилар билан шахсан танишиши керак.
Қишлоқнинг асосий ғояси эса бир жойда яшашдан кўра кенгроқ маънони англатади — аёлларга хавфсиз муҳитда мустақил ҳаёт кечириш ва бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган жамоа таркибида яшаш имкониятини бериш.






























Изоҳлар 0
…