Интернетда бойлигини кўрсатган блогернинг уйи ўмарилди

Интернетда бойлигини кўрсатган блогернинг уйи ўмарилди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Ҳиндистонда ижтимоий тармоқларда бойлигини намойиш қилган Рачна Гуржар исмли инфлюенсернинг уйига ўғрилар бостириб кириб, тахминан 8–10,5 минг долларга тенг заргарлик буюмлари ва нақд пулларни ўғирлаб кетди.
  • Номаълум шахслар тунги пайтда Гуржар ва унинг оиласи ухлаб ётган уйига тўсиқни кесиб кириб, уларни бир хонага қамаб қўйган.
  • Полиция ўғриликни инфлюенсернинг ижтимоий тармоқлардаги бойликларини намойиш қилувчи постлари билан боғламоқда.

Ҳиндистонда ижтимоий тармоқларда тақинчоқлари ва қимматбаҳо буюмларини намойиш қилишни яхши кўрадиган аёлнинг уйига ўғрилар тушди. Ҳодиса оқибатида унинг кўплаб қимматли буюмлари, жумладан, заргарлик тақинчоқлари ва нақд пуллари олиб кетилган.

Рачна Гуржар — YouTube ва бошқа ижтимоий тармоқларда нақд пуллари, тилла ва заргарлик буюмларини намойиш қилиши орқали машҳурликка эришган ҳиндистонлик инфлюенсер. Яқинда у уйига бостириб кирган ўғрилар туфайли қимматбаҳо тақинчоқлари ва бошқа бойликларидан айрилган.

Маълум қилинишича, воқеа тунги пайтда, Гуржар ва унинг оила аъзолари Мадҳя-Прадеш штатидаги Шивпури туманида жойлашган уйида ухлаб ётган вақтда содир бўлган.

Бир гуруҳ номаълум шахслар хонадон атрофидаги тўсиқни кесиб, ҳовлига кирган. Шундан сўнг улар уй ичига ўтиб, оила аъзолари ухлаётган хонанинг эшигини ташқаридан беркитиб қўйган.

Инфлюенсернинг айтишича, у ва турмуш ўртоғи соат тахминан 04:00 да нимадир нотўғри эканини сезган. Улардан бири уйғониб, хона эшиги ёпиқлигини пайқаган. Эшикни очишга уринишган, аммо у қулфланганини кўриб, хавотирга тушишган. Шундан кейин қўшни уйда яшайдиган қариндошларига қўнғироқ қилиб, хонанинг ичида қолиб кетишганини билдиришган.

Ниҳоят, хонадан чиқишга муваффақ бўлган Рачна ва унинг турмуш ўртоғи уйда ўғрилик содир этилганини кўрган. Сақлаш жойлари титкиланган, заргарлик буюмлари ва нақд пуллар йўқолган. Ҳатто бир қути энергетик ичимлик ҳам ўғрилар томонидан олиб кетилган.

Ayol tilla taqinchoqlarini koʻrsatmoqda va narsalarini chamadonga joylamoqda.

Рачна Гуржарнинг маълум қилишича, ўғирланган буюмларнинг умумий қиймати 8–10 лак рупий, яъни тахминан 8–10,5 минг долларни ташкил қилган.

“Улар бизни хонага қамаб қўйишди ва кейин ўғрилик қилишди. Тилла, кумуш тақинчоқлар, нақд пул ва бир қути энергетик ичимликни олиб кетишган. Уларнинг умумий қиймати тахминан 8–10 лак рупий эди. Шунингдек, юзлари камерага тушмаслиги учун CCTV камераларининг йўналишини ҳам ўзгартиришган. Эҳтимол, буни лaтҳи — бамбук таёқ ёрдамида амалга оширишган”, — деди Гуржар.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳодиса юзасидан тергов бошлаган. Ҳозирча гумонланувчиларнинг шахси аниқланмаган.

Терговчиларнинг асосий йўналишларидан бири эса Рачна Гуржарнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти билан боғлиқ. Инфлюенсер яқинда ўз уйи ичида видеолар суратга олиб, уларда заргарлик буюмлари ва бир даста нақд пулларни намойиш қилган. Унинг ижтимоий тармоқларда қарийб 100 минг нафар кузатувчиси бор.

Полиция тахминига кўра, айнан шу каби пост ва видеолар ўғриларнинг эътиборини жалб қилган ҳамда унинг хонадони нишонга олинишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Айни пайтда полиция Рачнанинг кузатув камераларига тушган ниқобли шахсларни аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Ҳодиса эса интернет фойдаланувчилари ўртасида ижтимоий тармоқларда бойлик, қимматбаҳо буюмлар ва уй-жой шароитини намойиш қилиш хавфсизлиги ҳақида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар