Эрон қурол ишлаб чиқаришни 2,5 баробар оширганини билдирди

Эрон қурол ишлаб чиқаришни 2,5 баробар оширганини билдирди

Эрон узоқ давом этадиган ҳарбий ҳаракатлар эҳтиёжларини қондириш учун етарли қурол ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги вакили Реза Талаий-Ник давлат телевидениесига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, АҚШга қарши ҳарбий ҳаракатлар давомида Эронда қурол ишлаб чиқариш ҳажми 2,5 баробар ошган. Мамлакат ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқариш узлуксиз давом этиши учун захира ишлаб чиқариш майдонларини ҳам олдиндан тайёрлаган.

Талаий-Никнинг таъкидлашича, қарийб 9 мингта компания ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнига ихтиёрий равишда жалб қилинган. Бу орқали Эрон мудофаа саноатининг ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиришга интилмоқда.

Унинг қайд этишича, Мудофаа вазирлиги мутахассислари ракета тизимлари, учувчисиз учиш аппаратлари, денгиз ва ҳаво кучлари вакиллари билан ҳамкорлик қилмоқда. Жанговар тажриба асосида қурол-яроғ ва ҳарбий техникани модернизация қилиш, шунингдек, янги таҳдидларга қарши чораларни ишлаб чиқишга эътибор қаратилмоқда.

Эрон мудофаа идораси вакилининг билдиришича, мамлакат аввало ўз армиясининг эҳтиёжларини қондиришни устувор вазифа деб билади. Шу билан бирга, ички эҳтиёжлардан ортиб қолган мудофаа маҳсулотларини экспорт қилиш ҳам режалаштирилган.

Эрон томонининг баёнотига кўра, мамлакат ҳарбий саноатининг кенгайиши узоқ давом этадиган уруш шароитида қурол-яроғ таъминотини сақлаб қолишга қаратилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар