Чилида кучли сел автомобиллар ва автобусни оқизиб кетди (видео)

Чили пойтахти Сантьяго шаҳрининг Лас-Кондес туманида кучли ёмғирдан кейин юзага келган сел оқими кўчаларни лой ва тошларга тўлдирди. Оқим бир нечта автомобилни, ҳатто жамоат транспорти автобусини ҳам судраб кетди. Бу ҳақда Emol хабар берди.
Ҳодиса 8 октябрь куни Сан-Карлос-де-Апокиндо ҳудудида содир бўлган. Кучли ёғингарчилик сабаб тоғолди ҳудудидаги жарликлардан сув, лой ва тошлар катта тезликда пастга оқиб тушган. Сел Генерал Бланш, Квебрада-Онда, Ла-Пласа хиёбони ва Эль-Альба йўли атрофидаги ҳудудларга зарар етказган.
Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, айрим кўчаларда транспорт ҳаракати тўхтатилган, турар жойлар, савдо нуқталари, таълим муассасалари ва тиббиёт масканларига ҳам сув ҳамда лой кирган.
Кучли ёғингарчилик оқибатида камида олти киши жароҳатланган. Улар орасида бир ёшли бола ҳам бор. Шунингдек, мингдан ортиқ киши қутқарувчилар томонидан хавфсиз жойга олиб чиқилган ёки бошқа ёрдам олган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар ва бедарак йўқолганлар ҳақида хабар берилмаган.
Чили расмийлари Лас-Кондес туманида фавқулодда офат ҳолатини эълон қилган. Мамлакатнинг бошқа бир қатор ҳудудларида ҳам кўчки ва сел хавфи сабаб юқори даражадаги огоҳлантириш эълон қилинган.
Маҳаллий ОАВ маълумотига кўра, Тобалаба ҳудудида ёғингарчилик миқдори 146 миллиметрга етган. Мутахассислар кучли ёмғир тупроқни сувга тўйинтириб, жарлик ва сув йўлларида оқимнинг кескин кучайишига сабаб бўлганини таъкидламоқда.






























Изоҳлар 0
…