Тошкентда пандусни туширишдан бош тортган ҳайдовчиларга чора кўрилади

Тошкентда пандусни туширишдан бош тортган ҳайдовчиларга чора кўрилади

Тошкентда автобус ҳайдовчиларига ногиронлиги бўлган йўловчилар ва болалар аравачасидаги фуқаролар учун пандусларни тушириш мажбурияти юкланади. Ушбу талабни бажаришдан бош тортган ҳайдовчиларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилади.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши қарорига кўра, 1 декабрга қадар барча автобуслар ва метро бекатларидаги пандуслар ҳамда бошқа мосламаларнинг техник ҳолати қайта текширилади. Аниқланган носозлик ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Шунингдек, автобусларнинг бекатларда тўхташ тартиби ҳам қатъий назоратга олинади. Ҳайдовчилар транспорт воситасини бекат майдончасидаги бордюрга имкон қадар яқин қилиб тўхтатиши шарт. Ушбу қоидага амал қилмаганларга нисбатан интизомий ва молиявий чоралар белгиланган. Талаблар бажарилиши видеокузатув камералари орқали назорат қилинади.

Қарорда қайд этилишича, ногиронлиги бўлган шахслар ва болалар аравачасидан фойдаланувчилар жамоат транспортида ҳаракатланишда қатор қийинчиликларга дуч келмоқда. Бунга автобусларнинг гавжумлиги, ҳайдовчиларнинг пандусларни туширишдан бош тортиши ҳамда транспорт воситаларининг бордюрдан узоқроқда тўхташи асосий муаммолар сифатида кўрсатилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар