Денгиздан чиқарилган улкан акула видеоси ҳаммани ҳайратга солди

Индонезиянинг Ломбок оролида балиқчилар денгиздан улкан акула қолдиқларини соҳилга олиб чиқди. Ғайриоддий топилма маҳаллий аҳоли ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини ҳайратда қолдирди. Жониворни соҳилга ташиш учун тўрт нафар эркак уни иккита дарахт танасига боғлаб кўтаришга мажбур бўлган.
Воқеа акс этган видео 17 ноябрь куни денгиз жониворларини муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи Project Hiu ташкилоти томонидан эълон қилинди. Ташкилот акулаларни овлайдиган балиқчиларга экотуризм соҳасига ўтиш ва муқобил даромад манбаларини топишда ёрдам беради.
Дастлаб айрим интернет фойдаланувчилари видеони сунъий интеллект ёрдамида яратилган деб ҳисоблади. Бироқ ташкилот бу гумонларни рад этиб, тасвирлар ҳақиқий эканини тасдиқлади.
Маълум бўлишича, видеода тумшуқбурун олти жабрали акула тасвирланган. Уларнинг узунлиги 4,6 метрдан, вазни эса 900 килограммдан ошиши мумкин.

Project Hiu вакиллари ушбу жониворларнинг ҳаёт тарзи ҳақида ҳам маълумот берди. Кузатув тадқиқотларига кўра, бундай акулалар кундузи денгиз сатҳидан тахминан 450 метр чуқурликда ҳаракатланади, тунда эса 200 метр атрофига кўтарилади. Олимлар бу жараённи «суткалик вертикал миграция» деб атайди.
Ташкилот вакили олти жабрали акулаларни қадимий ва ўзига хос денгиз жониворлари сифатида таърифлаб, балиқчилар учун муқобил даромад манбаларини яратиш орқали уларни муҳофаза қилиш мумкинлигини таъкидлади.
Ғайриоддий топилма акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, томошабинларни ҳайратга солди.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…