Қорнида чақалоғи билан 42 километр масофа: 34 ҳафталик ҳомиладор аёл марафонни якунлади

АҚШлик ҳамшира ва тажрибали спортчи Дирдре Кин ҳомиладорлик даврида ҳам ўз олдига қўйган спорт мақсадини амалга оширишда давом этди. У ҳомиладорлигининг сўнгги ойларида дунёнинг еттита йирик марафонида қатнашиш режасини бажарди.
Йил бошида Кин еттита нуфузли марафонни якунлашни мақсад қилган эди. Бироқ март ва апрель ойларида машғулотлар пайтида одатдагидан кўпроқ қийналаётганини сезди. Текширувлардан сўнг унинг ҳомиладор экани маълум бўлди.
Акушер-гинекологи билан маслаҳатлашганидан кейин спортчи югуришни давом эттиришга қарор қилди. У ҳомиладорлигининг 25-ҳафтасида Сидней, 29-ҳафтасида Берлин ва 31-ҳафтасида Чикаго марафонларида қатнашди.
Энг сўнгги синов эса Нью-Йорк марафони бўлди. Ўша пайтда ҳомиладорлиги яққол сезилиб турганига қарамай, Кин 42,195 километр масофани тўрт соатдан камроқ вақтда босиб ўтди.
У CNN телеканалига берган интервьюсида марафон йўналиши бўлажак фарзандини дунёга келтирадиган шифохона ёнидан ўтганини айтди. Старт олдидан турмуш ўртоғи билан ҳазиллашиб, зарурат туғилса, ўша шифохонага кириб кетиши мумкинлигини муҳокама қилишган.
Мусобақа давомида эри унга сув узатиб, далда бериб турган. Кин эса бу қўллаб-қувватлаш учун турмуш ўртоғидан миннатдор эканини таъкидлади.
Унинг ҳикояси спорт ва матонат намунаси сифатида эътибор қозонди. Бироқ ҳомиладорлик даврида жисмоний фаоллик ҳар бир аёлнинг соғлиғи ва шифокор тавсияларига қараб баҳоланиши керак.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…