Ойдаги улкан зарба излари қандай пайдо бўлгани аниқланди

Хитой олимлари Ойнинг нариги томонида жойлашган улкан зарба ҳавзасининг шаклланиш тарихини қайта тиклашга муваффақ бўлди. Бунда мамлакатнинг Chang’e-6 космик миссияси орқали Ерга олиб келинган тупроқ ва тоғ жинслари намуналари муҳим аҳамият касб этди. Улар Ой тарихидаги энг йирик космик тўқнашувлардан бири қандай содир бўлганини аниқлашга ёрдам берди. Бу ҳақда Naked Science хабар берди.
Тадқиқотчилар Жанубий қутб — Эйткен ҳавзасининг пайдо бўлиши ва шаклланиш босқичларини ўрганган. Ушбу улкан ҳавза Ойнинг Ердан кўринмайдиган нариги томонида жойлашган бўлиб, диаметри тахминан 2 050–2 400 километр, чуқурлиги эса 12 километргача етади. У Қуёш тизимидаги энг йирик зарба ҳавзаларидан бири ҳисобланади. Олимларнинг тахмин қилишича, мазкур ҳудуд миллиардлаб йиллар аввал улкан космик жисмнинг Ой юзасига келиб урилиши натижасида пайдо бўлган.
Ойнинг нариги томонидан олиб келинган намуналар нимани кўрсатди?
2024 йилда Хитойнинг Chang’e-6 миссияси ушбу ҳавза ҳудудидаги Аполлон кратеридан қарийб 1,9 килограмм тупроқ ва тоғ жинси намуналарини Ерга олиб келган. Бу Ойнинг нариги томонидан моддий намуналар олиб келинган тарихдаги илк миссия ҳисобланади.
Гонконг университетидан Юйци Цянь ва Гочунь Чжао бошчилигидаги халқаро олимлар гуруҳи келтирилган намуналарнинг таркибини батафсил ўрганган. Улар олинган натижаларни Chang’e-4 миссияси маълумотлари ҳамда Ой орбитасидан амалга оширилган кузатувлар билан таққослаган.
Таҳлиллар натижасида ўрганилган ҳудуддаги тупроқ қотиб қолган лава ва қадимий космик тўқнашувлар таъсирида юзага келган тоғ жинслари аралашмасидан иборат экани аниқланган. Ҳисоб-китобларга кўра, маҳаллий лава билан боғлиқ бўлмаган жинслар умумий таркибнинг 40–50 фоизини ташкил қилади. Уларнинг асосий қисми Chaffee S кратери пайдо бўлишига сабаб бўлган катта зарба билан боғлиқ.
Ой тарихидаги учта йирик тўқнашув аниқланди
Олинган маълумотлар асосида олимлар бир неча миллиард йил аввал содир бўлган учта муҳим космик ҳодисани ажратиб кўрсатди.
Биринчи йирик воқеа тахминан 4,34 миллиард йил аввал содир бўлган. Ўша даврда улкан космик жисм Ой юзасига келиб урилиб, Жанубий қутб — Эйткен ҳавзасини ҳосил қилган.
Кейинроқ, тахминан 4,2 миллиард йил аввал, мазкур улкан ҳавза ичида яна бир йирик тўқнашув юз берган. Натижада Аполлон зарба ҳавзаси шаклланган.
Учинчи муҳим ҳодиса эса тахминан 3,87 миллиард йил аввал содир бўлган. Бу сафарги космик тўқнашув натижасида Orientale ҳавзаси пайдо бўлган. Ушбу зарба оқибатида тадқиқот олиб борилган ҳудуд ўнлаб метр қалинликдаги тоғ жинслари ва бошқа қолдиқлар билан қопланган бўлиши мумкин.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ушбу маълумотлар Ойдаги энг йирик зарба ҳавзаларидан бирининг шаклланиш тарихини ва унинг турли даврларда қандай ўзгарганини яхшироқ тушуниш имконини беради.
Шу билан бирга, олимлар тикланган тарих ҳозирча тупроқ намуналари, сунъий йўлдош кузатувлари ва илмий ҳисоб-китобларга асосланганини таъкидламоқда. Шу сабабли ҳавзанинг бошқа ҳудудларидан келажакда олинадиган янги намуналар мавжуд хулосаларни янада аниқлаштиришга ёрдам бериши мумкин.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…