Ҳусанов майдонда 90 дақиқа ҳаракат қилди: City Xtra унинг ўйинини қандай баҳолади?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Абдуқодир Ҳусанов жароҳатига оид хавотирларга қарамай, «Манчестер Сити»нинг «Фулҳем»га қарши ўйинида асосий таркибда майдонга тушиб, 90 дақиқа давомида ҳаракат қилди.
- Ситй Хтра портали ўзбекистонлик ҳимоячининг ўйинини 6,5 балл билан баҳолаб, унинг тезлиги ва аниқ узатмаларини ижобий, ҳимоядаги айрим хатоларини эса салбий жиҳат сифатида қайд этди.
- Учрашувда энг юқори 7 балл Эллиот Андерсонга, энг паст 4 балл эса Эрлинг Холандга насиб этди.
«Манчестер Сити» ўз майдонида «Фулҳэм»га қарши кечган учрашувда мағлубиятдан қутулиб қолди. Энцо Мареска шогирдлари қийин кечган баҳсда дурангга эришди. Жароҳати борлиги айтилган Абдуқодир Ҳусанов эса майдонда тўлиқ ҳаракат қилди ва City Xtra портали томонидан 6,5 баллга лойиқ кўрилди.
«Манчестер Сити» бош мураббийи Энцо Мареска учрашув олдидан ўзбек ҳимоячисининг жароҳат олгани ва унинг майдонга тушиши сўроқ остида эканини билдирган эди. Шунга қарамай, Ҳусанов асосий таркибда майдонга тушди ва ўйинни тўлиқ ўтказди.
«Шаҳарликлар» фаолиятини ёритиб борадиган City Xtra портали футболчиларнинг учрашувдаги ҳаракатларини баҳолаб, Ҳусановга 6,5 балл қўйди. Нашр ўзбек футболчисининг ҳимоядаги айрим хатоларини қайд этган бўлса-да, унинг тезлиги ва аниқ узатмаларини ҳам алоҳида эътироф этди.
Ҳусановнинг ўйини: тезлик ва аниқ паслар эътироф этилди
City Xtra нашрининг ёзишича, Ҳусанов ҳимоянинг ўнг қанотида ҳаракат қилди. У рақиб ҳужумчиси Мунисга қарши эпизодда диққатни жамлаш билан боғлиқ муаммога дуч келди. Мунис уни алдаб ўтиб, хавфли голли вазият яратишга муваффақ бўлди.
Бироқ бу эпизоддан ташқари, ўзбекистонлик футболчи ҳимояда анча ишончли ҳаракат қилди. Унинг тезлиги жамоадошларига ёрдам берди, шунингдек, ҳужумчиларни рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятларга олиб чиқиши мумкин бўлган турли масофалардан аниқ паслар узатди.
Натижада Ҳусановнинг ҳаракатлари 10 баллик тизимда 6,5 балл билан баҳоланди.
«Манчестер Сити» футболчилари қандай баҳоланди?
City Xtra портали учрашувда майдонга тушган «Манчестер Сити» футболчиларининг ҳаракатларини қуйидагича баҳолади:
Футболчи | Баҳо |
|---|---|
Жанлуижи Доннарумма | 6,5 |
Абдуқодир Ҳусанов | 6,5 |
Рубен Диаш | 6,5 |
Марк Геи | 6 |
Нико О'Райли | 6,5 |
Айюб Буадди | 6 |
Эллиот Андерсон | 7 |
Илиман Ндиайе | 5,5 |
Фил Фоден | 6 |
Жереми Доку | 6 |
Эрлинг Холанд | 4 |
Райан Шерки | 6 |
Йошко Гвардиол | 6 |
Аллан | 6 |
Андерсон — энг яхши, Холанд — энг паст баҳо олди
Портал талқинига кўра, жамоа сафида энг юқори баҳо Эллиот Андерсонга берилди. У 7 балл билан учрашувнинг энг яхши баҳоланган футболчиси бўлди.
Андерсон биринчи бўлимда ўзини тўлиқ кўрсата олмаган бўлса-да, танаффусдан кейин «Сити»нинг ўйинни ўзгартиришга қаратилган ҳаракатларида муҳим роль ўйнади. Унинг голи ҳисобни тенглаштиришга ёрдам берди.
Энг паст баҳо эса Эрлинг Холандга тегишли бўлди. Норвегиялик ҳужумчи 4 балл билан чекланди. City Xtra унинг ҳисобни тенглаштириши мумкин бўлган вазиятдан фойдалана олмаганини, шунингдек, бир қатор қулай имкониятларни бой берганини танқид қилди. Нашр унинг голи бекор қилинган эпизодни ҳам тилга олди.
Мареска шогирдлари учун қийин учрашув
City Xtra баҳоларига қараганда, «Манчестер Сити»нинг бир қатор футболчилари учрашувнинг биринчи бўлимида кутилган даражада ўйин кўрсата олмаган. Танаффусдан кейин эса жамоа фаоллашиб, ҳисобни ўзгартиришга ҳаракат қилган.
Ҳусанов учун эса бу учрашув жароҳат билан боғлиқ шубҳаларга қарамай, тўлиқ ўйин амалиётига эга бўлгани билан аҳамиятли бўлди. Ўзбек ҳимоячиси айрим камчиликларга йўл қўйган бўлса-да, тезлиги ва паслари билан жамоасига ёрдам беришга ҳаракат қилди.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм

































Изоҳлар0
…